Шу йил 22 ноябрь куни Президентимиз томонидан имзоланган “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга кўра, 2025 — 2030 йилларда Бачадон бўйни ва кўкрак бези саратонини назорат қилиш дастури тасдиқланди. Мазкур дастур доирасида бир қатор вазифаларни амалга ошириш белгилаб берилди.

ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси “Аёллар қаноти” ташаббуси билан мазкур қарор мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил қилинди. «Радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидение маркази» ДУК ишчи-ходимлари қатнашган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Мавлуда Ибрагимова тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ишлар ва ушбу қарорда кўзда тутилган вазифалар ҳақида тўхталиб ўтди.

— Мамлакатимизда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатиш бўйича тизимли ишлар олиб бориляпти. Айниқса, хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларни барвақт аниқлаш ва унинг олдини олиш масаласига жиддий эътибор қаратилаётгани эътиборга молик. Бу борада аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилишга доир давлат дастури тасдиқлангани аҳамиятли бўлди.

Ушбу ҳужжатга халқаро клиник амалиётлар асос қилиб олинган. 30 ёшдан бошлаб аёллар инсон папилломаси вирусига тест топшириши, 30–65 ёшдаги аёллар 2 йилда бир марта бирламчи текширувдан ўтказилиши белгиланган. Ҳар бир аёл электрон рўйхатга киритилади ва ҳар қандай хавфли ўзгаришлар аниқланганда тизимда «йўқолиб қолмайди». Онкологик касаллик аниқланган беморларни ташхислаш ва даволаш харажатлари бюджет ҳисобидан молиялаштирилади, — деди депутат.

Тадбирда таъкидланганидек, мазкур вазифалар ЎзЛиДеП сайловолди дастурида ҳам белгиланган. Жумладан, партия дастурига кўра, хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларни камайтириш мақсадида 40 ёшдан ошган аёллар учун тегишли даврийликда тиббий кўрикдан ўтиш жорий қилинади.

Тадбир давомида хотин-қизлар саломатлигини асрашда, аввало, уларнинг тиббий маданиятини юксалтириш лозимлиги ҳақида ҳам сўз борди. Шунингдек, иштирокчилар ҳам ўз таклиф ва фикр-мулоҳазаларини билдирди.

М.Комилова,

ЎзА