Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасарруфидаги умумий ўрта таълим муассасаси фаолиятини ҳар томонлама такомиллаштириш, педагог кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида “Педагоглар касбий ривожланишига кўмаклашиш ва методик қўллаб-қувватлаш” мавзусида методик марафон бошланди.
Марафондан кўзланган мақсад, умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқув-тарбия жараёнини замонавий талаблар асосида инновацион усуллар ёрдамида ўқитишни таъминлаш, халқаро баҳолаш дастури (PISA-2022) тадқиқотларида ўқувчиларнинг ўқиш, математика ва табиий фанлар саводхонлиги бўйича баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, уларнинг ўзлаштиришдаги бўшлиқлар билан ишлашдан иборат.
Ушбу жараёнлар педагогларга ўқиш саводхонлиги, математика, табиий фанлар йўналишларида 3 та шўъбага бўлинган ҳолда иш олиб борилмоқда. Марафонда Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази бошқарма бошлиғи, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (phd), доцент М.Пардаева “Педагогик функционаллик – узлуксиз касбий юксалишни таъминловчи омил сифатида”, Жанубий Кореянинг Ҳанянг университети Рақамли инновациялар йўналиши магистранти Ж.Мелибоев “Замонавий педагогик дастурий воситалар ва интерфаол таълим ресурсларини яратиш методлари”, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази бош мутахассиси, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори (phd) Ш.Aбдураимов “Эссе турлари ва эссе ёзиш стратегиялари”, Таълимни ривожлантириш республика илмий-методик маркази Лаборатория ва амалий ишларни ўтказиш технологияларини ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи Н.Исмоилов “Педагогик дастурий воситалар ва рақамли таълим платформаларнинг табиий фанларни ўқитишдаги аҳамияти” каби бир қатор мавзуларда тақдимотлар ўтказилди.
Шу билан бир қаторда, Қорақалпоғистон Республикаси Педагогик маҳорат маркази методик хизмат кўрсатиш методистлари ва умумтаълим мактаблари ўқитувчилари томонидан маҳорат дарслари ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.