Соғлиқни сақлаш муаммоларини ҳал этишда фармацевтика соҳасидаги халқаро ҳамкорлик ҳам самарали ва инновацион ечимларни тақдим этиб боради.

Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов Японияга ташрифи доирасида “Токио фармацевтика ва ҳаёт фанлари университети” ва “Orihiro Group” компанияси раҳбарияти билан учрашув ўтказди.

“Tokyo University of Pharmacy and Life Sciences” университети президенти Мимаки Ёсихиро билан бўлган учрашувда “Tashkent Pharma Park” кластери ҳудудида ўз фаолиятини бошланган Фармацевтика техник университети ҳақида батафсил маълумот берилди. Муҳокамалар давомида университетлараро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, алмашинув дастурларини жорий қилиш, шунингдек, илмий тадқиқотлар бўйича тажриба алмашиш имкониятларини ўрганиш ва Японияда PhD даражасини олишни жорий этиш бўйича келишувга эришилди, дейилади Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги маълумотида.

Маълумот учун: “Tokyo University of Pharmacy and Life Sciences” университети 1880 йилда Японияда фармацевтларни тайёрлаш учун биринчи хусусий таълим муассасаси сифатида ташкил этилган ва фармацевтика йўналишидаги университетлар рейтингида юқори ўринни эгаллайди. 140 йиллик тарихи давомида битирувчилари сони 41000 нафарни ташкил этади.

Бундан ташқари, Абдулла Азизов Гунма префектурусида жойлашган “Orihiro Group” компаниясининг бошқарувчи директори Жиничи Томита билан учрашув ўтказди. Музокаралар давомида мамлакатимизда, шу билан бирга, МДҲ давлатларида даволашнинг профилактик усули аҳамияти ортиб бораётгани сабабли юқори сифатли биологик фаол қўшимчаларга бўлган талаб ўсиб бораётганини таъкидлади. Маҳаллий бозор эҳтиёжларини қондириш мақсадида компания маҳсулотларини юртимизда юқори стандартлар асосида ишлаб чиқариш учун маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик таклифи илгари сурилди. Компания вакиллари томонидан ушбу таклиф ўрганилиб, маҳаллий ҳамкорни танлаш борасида келишувга эришилди.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, “Orihiro Group” – 1972 йилда ташкил этилган, биологик фаол қўшимчалар, шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотларини асептик тўлдириш ва қадоқлашнинг илғор технологияларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган Япониянинг етакчи компанияларидан биридир.

М.Ҳожиакбарова, ЎзА