Маълумки, 27 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Юртимизда кечган мазкур муҳим сиёсий жараённи маҳаллий оммавий ахборот воситалари қатори хорижий давлатлардан келган кўплаб ҳамкасбларимиз ҳам кенг ёритиб борди. Энг муҳими, улар бу галги сайловлар Янги Ўзбекистоннинг янги Конституциясига мувофиқ, сайлов қонунчилигига илғор халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда киритилган, демократик тамойилларга мос тарзда шакллантирилган тизим асосида ўтказилганини эътироф этишди.

Интесар Абдулла, Саудия Арабистони “Neprass” янгиликлар электрон нашри бош директори:

– Ўзбекистондаги қатор конференцияларда иштирок этганман, аммо сайлов жараёнини кузатишда илк бор қатнашдим. Мени ҳайратга солган жиҳатлардан бири электрон сайлов тизими йўлга қўйилганидир. Фуқаролар учун қулай имконият яратган ушбу янги тизим демократик давлатдаги шаффофликнинг ёрқин намунаси, деб биламан. Сайлов участкалари кўплаб давлат мактабларида ташкил этилганини кўрдим. Бу ўқув масканлари янгича, замонавий қиёфада экани кишини хурсанд қилади. Шунингдек, мен сайловгача бўлган дебатларда қатнашиб, жонли мулоқот ва муҳокамаларни кузатиш имконига эга бўлдим.

Еши Сели, “The New Indian Express” газетаси (Ҳиндистон) сиёсий шарҳловчиси:

– Ҳиндистон ва Ўзбекистон мустаҳкам тамаддунлар оша давом этиб келаётган тарихий ва сиёсий муштарак алоқаларга эга. Халқларимиз асрлар оша сайқал топиб келаётган дўстликни доим қадрлаган. Яқинда Қозон шаҳрида бўлиб ўтган БРИКС саммити доирасида Бош вазир Нарендра Моди ва Президент Шавкат Мирзиёев самарали икки томонлама учрашув ўтказди, Ўзбекистон мазкур йирик тузилмада ҳамкор давлат мақомини олди. Таъкидлашим жоиз, сўнгги йилларда ўзаро муносабатларимиз турли муҳим соҳаларда жадал ривожланмоқда. Мен гувоҳи бўлган бу йилги сайловлар мавжуд ришталарни янада мустаҳкамлашига аминман.

Грегор Шпитцен, “Berliner Telegraph” журнали (Германия) мухбири:

– Германия ва Ўзбекистон алоқалари охирги йилларда мисли кўрилмаган юқори босқчга кўтарилди. Бу яқин, дўстона муносабат жорий сайлов даврида ҳам яққол кўзга ташланди.

Маълумки, Ўзбекиcтон ўз тарихида икки бор уйғониш даврини бошдан кечирган. Бугун эса Учинчи Ренессанс бўсағасида турибди. Бу заминда тарихан давлатчилик ривожланган, илм-фан, санъат ва маданият гуллаб яшнаган.

Мамлакат 2016 йил ўз олдига улкан стратегик мақсад, яъни ҳақиқий демократия ва ривожланган парламентаризм тамойили асосида Янги Ўзбекистон бунёд этиш вазифасини қўйган.

Бу жараёнда Учинчи Ренессанс даврига қадам қўйилмоқда. Илм-фанни ривожлантириш ва замонавий технологиялар орқали кучли иқтисодий тараққиётга, халқ фаровонлигини тубдан яхшилашга эришиш мақсад қилинган. Бу борада фуқаролар конституциявий ҳуқуқини кафолатлайдиган тизимнинг қонуний асоси янада мустаҳкамланди. Жумладан, Сайлов кодексига халқаро нормалар ва ривожланган давлатларнинг демократия соҳасидаги энг яхши тажрибасига мос тамойиллар киритилгани юз берган асосий ижобий ўзгаришлардан биридир. Хуллас, жорий парламент сайловида киритилган янгиликлар иқтисодий ривожланган, демократик кучли давлат қуришда муҳим аҳамият касб этади.

Имодуддин Ҳасан Аҳмад Муҳаммад, “Ал-Шуруқ” газетаси (Миср) бош муҳаррири:

– Ўтган йил апрель ойида Ўзбекистонда умумхалқ референдуми ўтказилиб, шу асосда янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниб, кучга киритилган эди. Шундан сўнг мамлакат сайлов қонунчилигига ҳам кўплаб ижобий ўзгаришлар киритилиб, Сайлов кодекси яратилди.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнини кузатар эканман, Ўзбекистонда демократик ислоҳотлар самара бераётгани, сайловчилар фаоллиги юқори эканига  гувоҳ бўлдим. Масалан, Фарғона вилоятида эътиборимни тортган жиҳат – шаҳар ва туманлардаги  тозалик, озодалик,  кўчалардаги тартиб,  одамларнинг хушмуомалалиги, ҳамжиҳатлиги ва самимийлиги бўлди. Янги бунёд этилган масканлар, айниқса “Экошаҳар” менда илиқ таассурот қолдирди. Миср тараққиётига беқиёс ҳисса қўшган буюк аллома Аҳмад Ал-Фарғоний юртига ташриф буюрганимдан, бу замин одамлари билан суҳбатлашганимдан чексиз хурсандман.

Иброҳим Ал-Ҳодий, Ўмоннинг “Ар-Рая” нашри журналисти:

– Ўзбекистон парламенти сайловида электрон овоз бериш орқали 20 миллионга яқин киши иштирок этди. Умуман, “Менинг танловим – обод Ватаним!” шиори остида ўтган сайловда “E-saylov” ахборот тизими ишга туширилиши муҳим аҳамиятга эга. Яъни, бу тизим орқали сиёсий партиялар номзодларнинг қонунчилик талабига мослиги бўйича сайлов комиссиялари билан тезкор ишлаш имконига, фуқаролар эса зарур ахборот олишда кўплаб қулайликларга эга бўлган. Бир сўз билан айтганда, тизимнинг афзаллиги тўла намоён бўлган.

Ғ.Хонназаров тайёрлади.

ЎзА