Ўмоннинг “Ар-Рая” нашрида журналист Иброҳим Ал-Ҳодийнинг “Ўзбекистон парламенти сайловида электрон овоз бериш орқали 20 миллионга яқин киши иштирок этди” сарлавҳали хабар эълон қилинди.

Мақолада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови жараёнини бошқаришнинг автоматлашган тизимида шакллантирилган Сайловчилар электрон рўйхатига 19 944 859 фуқаро киритилгани, бу йилги сайлов янгиланган Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига биноан, аралаш тизим асосида ўтказилгани таъкидланган.

Иброҳим Ал-Ҳодий “Менинг танловим – обод Ватаним!” шиори остида ўтган сайловда “E-saylov” ахборот тизими ишга туширилиши муҳим аҳамият касб этганига ҳам тўхталган. Яъни, бу тизим орқали сиёсий партиялар номзодларнинг қонунчилик талабларига мослиги ҳолати бўйича сайлов комиссиялари билан тезкор ишлаш имконига, фуқаролар эса зарур ахборот олишда кўплаб қулайликларга эга бўлганини эътироф этган. Бир сўз билан айтганда, тизимнинг афзаллиги тўла намоён бўлган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА