Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) Бош котиби Сергей Лебедев бошчилигидаги делегация Сенатга ташриф буюрди.
Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева билан учрашувда С.Лебедев мамлакатимизда бўлиб ўтган муҳим сиёсий тадбир – парламент сайловининг демократик тамойилларга тўлақонли мос равишда шаффоф ва адолатли ўтказилганини таъкидлаб ўтди.
Меҳмонлар Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ижобий ўзгаришлар ҳамда қонунчиликдаги ислоҳотларни юқори баҳолади.
Давлатимизнинг МДҲ ташкилоти ва унга аъзо мамлакатлар билан фаол мулоқоти ҳамда ташаббуслар билан иштирок этиши қайд этилиб, келгусида ҳам иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
***
Сенатда Покистон Ислом Республикаси Сенатининг “Покистон–Ўзбекистон” дўстлик гуруҳи раҳбари Сармад Али бошчилигидаги делегация вакиллари билан ҳам учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон ва Покистон давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси туфайли мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланиб, босқичма-босқич кенгайиб бораётгани қайд этилди.
Икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларининг ривожланишида парламентлараро алоқалар муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилиб, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш каби муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон ва Покистон парламентлараро дўстлик гуруҳлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш ҳамда олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан биргаликдаги парламент назоратини йўлга қўйиш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА