Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида Малайзия Халқаро ислом университети бошқарув кенгаши аъзоси Дато Шри Доктор Сед Ҳуссеин Ал Ҳабшее ва Малайзиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Илҳам Тя бин Иллияс бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Ўзбекистон томонидан олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов бошчилигидаги масъуллар иштирок этди.
Муҳокама давомида Малайзия Бош вазирининг жорий йил май ойидаги Ўзбекистонга расмий ташрифи якунлари бўйича белгиланган топшириқлар ижроси, жумладан икки давлат ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик ва стратегик шерикликни кенгайтириш борасидаги ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, талабалар алмашинуви, илм-фан, қўшма илмий тадқиқотларни амалга ошириш, хорижий тиллар, туризм, ислом молияси ва ҳалол экотизим йўналишларида ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА