Кувайтнинг “Ал-Жарида” нашрида “Ўзбекистонда сиёсий ва қонунчилик фаолияти янгиланишига хизмат қилувчи сайлов тизими қабул қилинган” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

– Ўзбекистонда юз бераётган улкан сиёсий ўзгаришлар асносида, жумладан, сайлов қонунчилигида ҳам самарали ислоҳотлар амалга оширилди, – дейилган мақолада. – Хусусан, демократик ва республика бошқаруви таянчи, халқ ҳокимияти тамал тоши сифатида янги сайлов тизими ишга туширилиб, Олий Мажлис қонунчилик палатасига сайловда мажоритар тартибдан кўпчилик ва пропорционал вакилликни бирлаштирган аралаш тизимга ўтилди. Германия, Италия, Япония каби ривожланган мамлакатларда қўлланаётган бу услуб адолатли натижани таъминлаш, Ўзбекистондаги сиёсий манзарани акс эттиришга қаратилган. Партиялар энди сайловчилар билан самарали мулоқот қила оладиган таниқли, ишончли номзодларни илгари суришга эътибор қаратиши керак. Қолаверса, янги тизим майдонга янги сиёсатчилар чиқишига замин яратади.

Ўзбекистон сайлов тизимидаги ислоҳотлар мамлакатда рўй бераётган ижтимоий-сиёсий жараённи ифодалайди. Аралаш тизимга ўтиш орқали эса сиёсий партиялар ўртасидаги рақобатни кучайтириш мақсад қилинган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА