Телекоммуникация тармоқлари технологик ютуқлар ва истеъмолчиларнинг ўзгарувчан талаблари таъсири остида жадал ривожланмоқда. Бу борада мамлакатимизда ҳар бир соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, чекка ҳудудларда телекоммуникация тизимларининг ривожланиши телекоммуникация тармоқларига кириш имкониятларини яратди. Интернет хизматлари нархини арзонлаштиришда ижобий натижаларга эришишга имкон берди.
Ушбу йўналишдаги ишларни такомиллаштириш мақсадида “Телекоммуникациялар тўғрисида”ги қонун ишлаб чиқилди.
Сенат ялпи мажлисида кўриб чиқилган қонунни тайёрлашда телекоммуникация бозори ривожланган хорижий давлатларнинг тажрибаси ва амалиёти чуқур таҳлил қилинган.
Қонунда телекоммуникация бозорини тартибга солувчи регулятор ва ушбу бозорни ривожлантириш сиёсатини олиб борувчи давлат органларининг вазифалари аниқ белгиланган.
Жумладан, қонунда тартибга солувчи органга телекоммуникациялар соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш, рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга ошириш, табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларда ёки фавқулодда ҳолатларда телекоммуникация инфратузилмаларидан устувор фойдаланиш ваколатлари берилмоқда. Уларнинг фаолиятини тиклаш ва ривожлантириш, операторлар ва провайдерларнинг фаолият кўрсатиши учун тенг ҳамда адолатли рақобат муҳитини таъминлаш ҳам шулар жумласидандир.
Шунингдек, тартибга солувчи органнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари талаблари барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши мажбурий этиб белгиланмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун тадбиркорлик субъектларига енгиллик бериш билан бирга ҳукуматнинг иқтисодиёт ва жамиятни рақамлаштириш бўйича стратегик дастурининг муҳим қисми бўлган телекоммуникация секторининг барқарор ривожланиши учун мустаҳкам пойдевор яратади.
Н.Абдураимова,
Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА