Ўзбекистон ва Ўмон логистика, туризм ва бошқа муҳим соҳаларда янги лойиҳалар амалга оширишни режалаштирмоқда.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов “Asyad Group” компанияси бошқаруви раиси Шайх Носир Сулаймон Ал-Хартий бошчилигидаги делегация билан музокара ўтказди. Учрашувда Султонликнинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо Жабр Носир Ал-Бусаидий ҳам иштирок этди.

“Asyad Group”нинг кўп қиррали фаолиятини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон – Ўмон савдо-иқтисодий ва сармоявий шериклигининг кенг доираси кўриб чиқилди.

Мулоқот давомида Ўмон томони фаол сармоявий иштирок этиши мумкин бўлган фойдаланилмаган соҳа ва имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашувда юртимизда тадбиркорлик фаолияти учун қулай шарт-шароит яратилгани, тўқимачилик саноати, қишлоқ хўжалиги, логистика, кўчмас мулк бошқаруви, меҳмонхона бизнеси ва туризм каби соҳаларда узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган, юқори соф жорий қиймат кўрсаткичига эга лойиҳалар ишлаб чиқиш салоҳияти мавжудлиги таъкидланди.

Музокара якунида томонлар шерикликни ривожлантириш тарафдори эканини тасдиқладилар. Ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланиб, ҳужжатда аксини топган янги ташаббусларни амалга ошириш режаси белгилаб олинди.

М.Пирматова, ЎзА