Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ахборот агентликлари иттифоқи UNA-OIC “Араб тилида сўзлашмайдиган ИҲТга аъзо давлатлар ахборот агентликларида арабча мазмунни яхшилаш” мавзусида вебинар ташкил этди.

Тадбирда иштирок этган ЎзАнинг араб тили бўйича етакчи муҳаррири Фатҳиддин Самариддинов агентлигимиз ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берди. Хусусан, янгиликлар тўққиз тилда, жумладан араб тилида ҳам чоп этилиши, бўлим 2010 йилда фаолият бошлагани маълум қилинди.

ЎзА барча ҳамкорлар, шунингдек Қирол Салмон номидаги араб тили халқаро академияси билан ҳамкорликни кучайтиришга интилаётгани таъкидланди.

Араб дунёсини мамлакатимиз билан янада яқинроқ таништириш, кўрфаз ҳудудини юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлардан бохабар этиш, ўқувчиларни ишончли ахборот билан таъминлаш асосий мақсад этиб белгилангани алоҳида қайд этилди.

– Жамоамиз жаҳоннинг етакчи ахборот агентликлари билан ҳамкорликни мунтазам ривожлантириш, самарали ахборот алмашишни йўлга қўйиш, дунёда рўй бераётган воқеалар тўғрисида аҳолини холис, ҳаққоний ахборот билан тезкор таъминлаш имкониятини изчил кенгайтирмоқда, – деди Ф.Самариддинов. – Хусусан, Кўрфаз давлатлари билан икки ва кўп томонлама алоқалар жадал ривожланаётгани араб тилидаги ахборотларимизда ҳам яққол акс этмоқда.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА