Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлигида давлат бошқаруви ва давлат хизмати самарадорлигини баҳолашга йўналтирилган «Uzbekistan Government Quality Award 2024» дастурининг 2-цикли натижаларини тақдим этишга бағишланган маросим бўлиб ўтди.
Унда БААнинг олий мартабали делегацияси, жумладан, дастурнинг ҳакамлар ҳайъати аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш ва Стратегик ислоҳотлар агентликлари раҳбарияти ҳамда масъул вакиллари иштирок этди.
Вакиллар ўз нутқида давлат хизматини кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида икки томонлама ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Шундан сўнг дастур натижалари маълум қилинди. Унда лойиҳа тўлиқ рақамлаштирилгани, мутахассислар бир неча бор вазирликларда семинарлар ўтказгани, 3 та янги – HR, ёш давлат хизматчиси ва аёл давлат хизматчилари категориялари таъсис этилгани маълум қилинди.
Тақдим этилган тавсиялар дастурда қатнашган ҳар бир вазирликда чуқур таҳлил қилиниши ва “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида олдинга қўйилган вазифаларнинг ижросини сифатли таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.
Мулоқот давомида “Ўзбекистон давлат органлари фаолияти самарадорлигини баҳолаш” дастурининг 2-цикли ғолибларини тақдирлаш маросимини ўтказиш муддати бўйича келишувга эришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА