Мамлакатимизда хотин-қизлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, таълим олишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Уларнинг касб-ҳунар ўрганиши, бандлиги таъминланиши, ижтимоий-сиёсий фаоллиги оширилиши, турли соҳаларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун зарур шароитлар таъминланмоқда.
Бу Сенатда бўлиб ўтган олий таълим муассасаларининг “Қизларжон” клуби раислари ҳамда хотин-қизлар маслаҳат кенгаши раислари билан учрашувда қайд этилди.
Сенаторлар томонидан кейинги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берилди.
“Ўзбeкистон – 2030” стратeгиясининг мазмун-моҳияти, мақсад ва вазифалари, устувор йўналишлари ва мақсадлари ҳақида, шунингдек, Конституцияга киритилган янги нормаларнинг аҳамияти хусусида кенг тушунча берилди.
Мулоқот давомида хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани қайд этилди.
Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш орқали уларни ҳимоя қилиш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан самарали муҳофазалашга қаратилган ишлар ўз самарасини бермоқда.
Ўзбекистондаги муҳим сиёсий тадбирлардан бири бўлган парламент ва маҳаллий кенгашлар депутатлигига бўлиб ўтадиган сайлов жараёнларига тўхталиб ўтилди.
Мазкур сайлов илк бор янги таҳрирдаги Конституция ва сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ ўтказилаётгани қайд этилди.
Айтиб ўтиш керакки, аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги фаоллигини оширишга эътибор қаратилиб, Сайлов кодексига сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда номзодларнинг камида 40 фоизи ёки ҳар 5 нафаридан 2 нафари аёл киши бўлиши зарурлиги қонунчиликда мустаҳкамлаб қўйилди.
Тадбирда сайловолди ташвиқоти доирасида амалга оширилаётган кенг кўламли тайёргарлик ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Н.Абдураимова, ЎзА