Маълумки, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, имконияти чекланганлар, айниқса ногиронлиги бўлган ўғил-қизларга ёрдам кўрсатиш давлатимизнинг доимий эътиборида.
Айни йўналишда халқаро ташкилотлар билан бирга турли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Хусусан, Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ва қатор вазирлик, идоралар ҳамкорлигида амалга оширилаётган навбатдаги дастур доирасида бугун республикамизга 435 минг доллар қийматдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ёрдами етказилди.
Шу муносабат билан пойтахтимиздаги 77-сонли кўришда нуқсони бор болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернатда хайрия тадбири уюштирилди.
Асосий ташаббускор тузилмалардан ташқари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Мактабгача ва мактаб таълими ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирликлари, АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси вакилллари ҳам иштирок этган маросимда мамлакатимизда ёлғиз қариялар, ногирон шахслар ва кам таъминланган оилалар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, озиқ-овқат ва дори-дармонга нисбатан эҳтиёжни қондиришга алоҳида эътибор кўрсатилаётгани қайд этилди.
Сабзавот ва дуккакли экинларнинг тўйимли аралашмасидан иборат мазкур ёрдам тўплами кам таъминланган аҳоли қатламига етказилиши учун соғлиқни сақлаш ва ижтимоий кўмак муассасаларига тарқатилади.
Лойиҳа орқали 145 дан зиёд соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ёрдам муассасаси, жумладан сил касаллиги билан оғриган беморларни узоқ муддатли парваришлаш марказлари, меҳрибонлик уйлари ва руҳий саломатлик муассасаларидаги 33 мингдан кўп инсонга ёрдам кўрсатилади.
– “Дунё учун озиқ-овқат” дастурининг бир қисми сифатида йўлга қўйилган ушбу дастур очлик ва тўйиб овқатланмаслик ҳолатини камайтириш, эҳтиёжмандларни етарли, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқат билан таъминлаш бўйича мамлакатлар билан ҳамкорлигимизга мисол бўлади, – дейди USAID вакили.
Ҳозирги кунда тузилма ҳукуматнинг мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш, минтақавий савдони кенгайтириш, аҳоли саломатлигига жиддий таҳдидларни бартараф этиш ва тегишли қатлам эҳтиёжини қондириш салоҳиятини ошириш мақсадида ҳамкорлик қилмоқда.
Гўзал Сатторова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА