Ўзбекистонда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия фаолият юритмоқда.
Комиссия саъй-ҳаракатлари билан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, меҳнат муносабатларини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда.
Соҳага доир қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, қонунчилик базасини халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларини ратификация қилиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Шу билан бирга, мазкур комиссия мажбурий меҳнат билан боғлиқ мурожаатлар, ҳолатларга ҳам ўз вақтида муносабат билдирмоқда.
Ижтимоий тармоқларда пахта йиғим-теримига чиқмаган фуқароларга нафақа пули тўланмаслиги, шу билан бирга, мактаб ўқитувчиларининг пахта йиғим-терими ишларига одам чиқаришга мажбурланиши билан боғлиқ тарқалган хабарлардаги ҳолатлар Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссияси томонидан назоратга олинди.
Мазкур ҳолатлар зудлик билан ўрганилади ҳамда масъулларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланади. Зотан, пахта йиғим-терими билан боғлиқ мажбурлов чораларига йўл қўйилмайди.
Комиссия шу каби ҳолатлар аниқланган тақдирда 1282 ёки 1092 қисқа рақамларига ёки @munosibmehnat_bot телеграм боти орқали мурожаат қилишингизни сўрайди.
Н.Абдураимова, ЎзА