Британиянинг нуфузли хусусий мактаблари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади

Ўзбекистон Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари ва Буюк Британиядаги “Harrow School” ташкилотининг Осиёдаги халқаро мактаблари – “AISL Harrow Schools” лойиҳалар бўйича директори Дэйзи Хо ўртасида онлайн музокара бўлиб ўтди.
Мамлакатимизнинг қиролликдаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган учрашув аввалида хорижий томон Янги Ўзбекистонда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг-кўламли ислоҳотлар билан таништирилди.
Жаноб Хо ҳам ўзи фаолият олиб бораётган жамоа ҳақида батафсил маълумот бериб, Ўзбекистонда ҳам бўлим очишга қизиқиш билдирди.
Мулоқот якунида 15-17 октябрь кунлари Тошкентда ўтказиладиган Марказий Осиё таълим форумида “AISL Harrow Schools” вакиллари иштирокини таъминлаш бўйича келишувга эришилди.
1572 йил Қиролича Елизавета I ташаббуси билан очилган “Harrow” мактаби Итон коллежи каби ўқувчиларни дунёнинг етакчи олийгоҳларига тайёрлаб берадиган энг нуфузли билим даргоҳи ҳисобланади. Ушбу таълим маскани битирувчилари орасида кўплаб собиқ бош вазирлар, жумладан Уинстон Черчилл, Жавоҳарлаъл Неру, Қатар Амири Тамим бин Ҳамад Ол Соний ва бошқалар бор.
1998 йил ташкил этилган “AISL Harrow Schools” эса “Harrow” мактабининг Осиёдаги халқаро ўқув даргоҳларини бошқаради. Ҳозир Хитой, Япония ва Таиландда тузилманинг 13 мактаби мавжуд.