Самарқанд шаҳрида “Маҳаллий аҳолининг турмуш даражасини оширишда маҳалланинг ўрни” мавзусида халқаро конференция ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Камбағалликдан фаровонлик сари” ғояси асосида ташкил этилган тадбирда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси,  UNICEF, UNDP, UNODC, UNFPA, USAID каби халқаро ташкилотлар вакиллари, хорижий мамлакатларнинг юртимиздаги элчилари, чет эллик ва маҳаллий экспертлар, маҳалла фаоллари иштирок этмоқда.

Халқаро конференциянинг ялпи мажлисида Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги доимий координатори Маҳл Сабине, USAIDнинг мамлакатимиздаги миссияси раҳбари Девид Хофман, Олий Мажлис Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова мазкур тадбирнинг аҳамияти ва ундан кутилаётган натижалар, мамлакатимизда маҳалла бошқаруви тизимини такомиллаштириш борасидаги ишлар ва уларнинг самаралари ҳақида сўз юритди.

Шунингдек, анжуманда  халқаро ташкилотлар вакиллари, маҳалла тизими билан бевосита ишловчи вазирлик ва идоралар раҳбарлари сўзга чиқди.

Ялпи мажлисдан сўнг конференция шуъбаларга бўлинган ҳолда давом этади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари