Самарқанд шаҳрида ўтказилаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки бошқарувчилар кенгашининг IX йиллик йиғилиши доирасида “Янги Ўзбекистон – улкан имкониятларга эга йирик мамлакат” сессияси ҳамда ресурсларни сафарбар қилиш бўйича халқаро форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов “Ўзбекистон-2030” стратегияси асосида мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари, тадбиркорлик учун яратилган қулай муҳит, инвестициявий салоҳият ҳақида сўз юритди. Унинг қайд этишича, 2030 йилга бориб иқтисодиётнинг 85 фоизи хусусий сектор томонидан яратилишига эришиш, энергиянинг 40 фоизини қайта тикланадиган манбалар ҳисобидан ишлаб чиқарилишини таъминлаш, меҳнат натижадорлигини икки баробарга ошириш, экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

Шунингдек, Л.Қудратов Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ва сармоявий ислоҳотларни доимий қўллаб-қувватлаб келаётгани учун хорижлик ҳамкорлар, халқаро молия ташкилотлари вакилларига миннатдорлик билдирди.

– Ўзбекистон ўзгариб бормоқда ва сиз бу йўлда бизнинг ҳамкорларимизсиз, – деди Л.Қудратов. – Сизнинг қўллаб-қувватлашингиз, маслаҳатингиз ва сармоянгиз кейинги ўн йилда катта ютуқларга эришишимизга ёрдам беради. Бугун биз сизлар билан Самарқандда учрашиб, асрлар давомида бу буюк шаҳар белгилаб келган савдо, халқаро муносабатлар ва инновациялар анъаналарини давом эттирмоқдамиз.

Сессияда, шунингдек, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки раҳбари Цзинь Лицюн, Жаҳон банки гуруҳи бошқарувчи директори ва бош маъмурий директори Венкай Чжан, йирик халқаро инвестор ва экспертлар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда кейинги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди. Бу борада давлатимиз билан ҳамкорлик қилиш, қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

Тадбирнинг “Ресурсларни сафарбар қилиш бўйича халқаро форум” деб номланган иккинчи қисмида халқаро донорлар ва инвестиция фондлари билан ҳамкорликнинг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Халқаро экспертлар, нуфузли халқаро банк ва жамғармалар ҳамда мамлакатимиз ҳамкорларининг Ўзбекистонда сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш ва лойиҳаларни амалга оширишнинг энг истиқболли йўналишлари бўйича фикр ва мулоҳазалари тингланди.

Форум доирасидаги бошқа сессияларда ҳам бугунги шароитда банк иштирокчи давлатлари иқтисодиётини мустаҳкамлаш ва инфратузилмани ривожлантириш орқали аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, жамиятда гендер тенгликни таъминлаш, иқлим ўзгаришларнинг салбий оқибатларини юмшатиш ва бунинг таъсирини камайтириш каби масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари