Бугун Марказий сайлов комиссиясида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари сайловини кузатиш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюрган Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Парламентлараро Ассамблеяси (МДҲ ПА) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда ушбу миссиянинг узоқ муддатли кузатувчилари — МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси Кенгаши бош котиби маслаҳатчиси С.Караваев ҳамда МДҲ ПА иштирокчи давлатларда демократиянинг ривожланиши, парламентаризм ва фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларига риоя этилишини мониторинг қилиш халқаро институти (ДРМХИ) экперти С.Ткаченко иштирок этди.

Мулоқотда Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси билан конструктив ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади. МДҲ ПА Марказий сайлов комиссиясининг Ҳамдўстлик мамлакатлари бўйича сайлов соҳасидаги ҳамкорларидан бири бўлиши билан бирга, сўнгги йилларда Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни мониторинг қилиш ва унинг натижалари бўйича муҳим тавсиялар беришда ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.

Қайд этилганидек, сайловнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришда халқаро ташкилотлар, сайловни кузатиш миссиялари, хусусан, МДҲ ПАнинг тавсияларини миллий қонунчилигимиз ва амалиётимизга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Учрашувда жорий йил 27 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари, миллий сайлов амалиётига татбиқ этилган янгиликлардан яна бири “E-Saylov” ахборот тизими ва мазкур тизимнинг афзалликлари юзасидан батафсил маълумот бериб ўтилди.

Бу йилги сайловларда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланган ҳолда сайловолди ташвиқоти материалларини тайёрлаш ва тарқатиш мумкинлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтилди.

Ўз навбатида, миссия вакиллари бўлажак сайловларни умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллар асосида, юқори ташкилий даражада ўтишига муваффақият тилади.

Миссия вакиллари билан кечган мулоқот конструктив ва самимий руҳда ўтди.

Муҳтарама Комилова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА