Қатар молия вазири Ўзбекистонда

439

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилишида иштирок этаётган Қатар молия вазири Али бин Аҳмад Ал-Қуварий бошчилигидаги делегацияни қабул қилгани ушбу араб давлати етакчи QNA ахборот агентлиги саҳифаларида ёритилди.

Мақолада савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш масаласи муҳокама қилингани, “яшил” энергетика, транспорт, соғлиқни сақлаш, туризм, инфратузилмани ривожлантириш каби муҳим йўналишларда янги лойиҳалар илгари суриш муҳимлиги эътироф этилгани таъкидланган.

Муаллиф йил якунига қадар Доҳа шаҳрида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва қўшма бизнес форум ўтказилиши, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратилганига урғу берган.

QNA Самарқандда ўтаётган нуфузли анжуман доирасида қатарлик мулозим Ҳиндистон молия вазири Нирмала Ситхараман хоним билан учрашганини ҳам ёзган. Суҳбат чоғида иқтисодиёт ва савдони ривожлантириш йўллари кўриб чиқилиб, ҳамкорликнинг бошқа турли жиҳатлари таҳлил қилинган.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА