Шу йил 27 октябрда бўлиб ўтадиган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловларига тайёргарлик кўриш жараёнлари қизғин давом этмоқда. Мамлакатимизда бўлиб ўтадиган ушбу муҳим сиёсий тадбирга халқаро кузатувчиларнинг ҳам қизиқиши юқори.
Бугун, 25 сентябрь куни Марказий сайлов комиссиясида Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг (МДҲ) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловларини кузатиш бўйича миссияси вакиллари иштирокида учрашувлар ташкил этилди.
Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев ЕХҲТ ДИИҲБ миссияси раҳбари Уэйк Дуглас, бюронинг сайловлар бўйича таҳлилчиси Тейлор Крис Джон ҳамда миссия экспертлари Рижа Дорота ва Каха Инаишвили билан мулоқот олиб борди.
Шунингдек, куннинг иккинчи ярмида Марказий сайлов комиссиясига Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) Бош котиби ўринбосари Денис Трефилов ҳамда МДҲ Ижроия қўмитаси Миссия штаби раҳбари Евгений Козяк ташриф буюрди.
Марказий сайлов комиссияси Раиси З.Низомхўжаев сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳамда сайлов қонунчилигимизга киритилган ўзгариш ва янгиликлар хусусида тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ўтказилган сайловларни кузатиш миссияларининг натижалари бўйича ҳисобот ва хулосалардаги тавсияларни миллий қонунчилигимизга ва амалиётимизга имплементация қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Халқаро ташкилотлар сайловларни кузатиш миссияларининг натижалари бўйича ҳисобот ва хулосалардаги тавсияларни Ўзбекистонда сайлов ва референдум қонунчилигини янада такомиллаштириш, сайлов ва референдум амалиёти самарадорлигини янада оширишга хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, мулоқотда жорий йил 27 октябрда мамлакатимизда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлари сайловлари аралаш сайлов тизими асосида ўтказилиши ва унинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, сиёсий партияларнинг номзодлари рўйхатга олингани қайд этилди. Миллий сайлов амалиётига татбиқ этилган янгиликлардан яна бири “E-Saylov” ахборот тизими ва мазкур тизимнинг афзалликлари юзасидан батафсил маълумот бериб ўтилди.
Сайлов кампанияси жараёнлари Марказий сайлов комиссияси томонидан Сайлов кодексида белгиланган тартибларга биноан изчиллик билан мувофиқлаштириб борилаётгани, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларга ошкоралик бериш мақсадида тадбирларнинг тартиби, босқичлари ва муддатлари ҳақидаги ахборотлар энг аввало сайловчиларга ҳамда сиёсий партияларга Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайти ва бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тезкорлик билан етказилаётгани таъкидланди.
Ўз навбатида, миссиялар вакиллари Ўзбекистон сайлов тизимидаги янгиликларни эътироф этиб, миссия фаолияти ҳақида маълумотлар берди.
Томонлар ўртасида олиб борилган мулоқотлар конструктив ва самимий руҳда ўтди. Марказий сайлов комиссияси ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида бу каби мулоқотларга доим тайёр ва очиқ экани билдириб ўтилди.
Муҳтарама Комилова, Носир Ҳайдаров (сурат), ЎзА