Нирмала Ситхараман Ўзбекистонда
404

Ҳиндистоннинг “Shabdsangram” (сўзлар жанги) нашри ушбу мамлакат молия вазири Нирмала Ситхараман бошчилигидаги делегация Самарқанд шаҳрида ўтаётган Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки Бошқарувчилари кенгашининг тўққизинчи йиллик йиғилишида иштирок этиш учун келганини ёритди.
Мақолада мартабали меҳмон Ўзбекистон, Қатар ва Хитойдан келган ҳамкасблари ҳамда ОИИБ президенти билан муҳим икки томонлама учрашувлар ўтказиши режалаштирилгани таъкидланган.
– Вазир мазкур нуфузли анжуманда Банкнинг Ҳиндистон бўйича губернатори сифатида иштирок этмоқда, – деб ёзган нашр. – Мамлакатимиз ушбу йирик халқаро молиявий тузилманинг иккинчи йирик акциядори. Кўп томонлама муҳокамаларда ривожланиш кун тартиби билан боғлиқ кенг кўламли муҳим глобал масалалар кўтарилади.
Ситхараманнинг ташрифи дастуридан Самарқанд давлат университетига бориш, Тошкентдаги Лал Баҳодур Шастри ёдгорлигини зиёрат қилиш, шунингдек турли соҳалар бўйича етакчи ҳиндистонлик муҳожирлар билан мулоқот қилиш ҳам ўрин олгани қайд этилган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА