Хива шаҳридаги Ичан-қалъа меъморий ёдгорлигида ёшлар ва тадбиркорлар ўртасидаги дастлабки учрашув бизнес марафон ўтказилди. Кўҳна арк мажмуасида ташкил этилган марафон мамлакатимизнинг 6 нафар муваффақиятли тадбиркорлари билан ёшларнинг соҳага оид фикрлар алмашиш, бизнес ғояларини амалга ошириш учун маслаҳатлар олиш муҳитини яратди. Марафонга йиғилган 500 нафардан ортиқ иштирокчилар ҳар бир спикер чиқишини иштиёқ билан қарши олди.

– Бундан уч йил аввал, Хива шаҳридан туриб бизнес марафоннинг биринчи мавсумига старт берган эдик, – дейди тадбиркор Муҳаммадали Эшонқулов. – Ёшларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг бизнес ғоялари ва лойиҳаларини ҳаётга татбиқ этишларига кўмак бериш мақсадида 2021-2023 йиллар давомида Республикамизнинг барча ҳудудларида тўрт мавсумдан иборат “Бизнес Марафон” лойиҳаси ташкил этилди. Лойиҳанинг 5-мавсумини ҳам яна шу ердан бошламоқдамиз.

Юртимиз ва хорижда муваффақиятга эришган тажрибали тадбиркорлар ва ёшлар иштирокида очиқ мулоқот шаклида ўтказиб келинаётган марафоннинг ўтган тўрт мавсумида 110 минг нафардан зиёд ёшлар бевосита иштирок этган бўлса, 9 миллионга яқин ёшлар “онлайн” тарзда кузатиб борди.

Лойиҳа давомида фаол иштирок этган ёшларга бизнес ва шахсий ривожланишга оид “Бестселлер”, хусусан, 3 минг дона босма китоблар тарқатилди, 24 минг нафар ёшларга эса мобиль илова орқали электрон ва аудио шаклда китоблар тақдим этилди. Анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган марафон давомида иштирокчилар бизнесни қандай бошлаш, хатарларни бошқариш, рақобат муҳитида бозорда ўз ўрнини топиш, ходимлар билан ишлашдаги усуллар, руҳий ва иқтисодий банкротлик, бизнесдаги барқарорликка эришиш, инвестиция киритиш, халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш каби саволларга жавоб олди.

– Бу ердаги спикерлар билан бизнинг ҳеч қанақа молиявий манфаатдорлигимиз йўқ, – дейди Хайрулла Сатторов “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси ижрочи директори. – Тажрибали тадбиркорларимиз эндиликда тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшларга мотивация беришни бурчлари деб билади. Бу йилги марафонда иштирокчилар томонидан энг кўп йўлланган саволлар таълим йўналишида тадбиркорлик қилиш бўйича бўлди. Бундан англаш мумкинки, ушбу соҳада хусусий сектор вакилларига кўплаб имконият ва имтиёзлар яратилмоқда.

– Мамлакатнинг келажаги, ёш авлоднинг тарбияси билан боғлиқ. Шу боис юртимиз аҳолисининг катта қисми замонавий билим ва кўникмаларга эга ёшлардан иборат эканлигини инобатга олган ҳолда, уларни қўллаб-қувватлаш тизимни янада такомиллаштириш, тадбиркорлик ғоя ва ташаббусларни рағбатлантириш, муносиб даромад олиш учун қўшимча шароитлар яратиш борасида олиб борилаётган ишлар янги босқичга чиқмоқда. Мен ушбу марафоннинг ҳаммасида қатнашиб келмоқдаман, – дейди хоразмлик ёш тадбиркор Ҳикматулло Бахтиёров. – Бу тадбирдан жуда катта мотивация олдим. Бизнес устозларим билан доимо маслаҳатлашиб тураман. Ҳозирги кунда ўзимнинг ҳам IT тадбиркорлик соҳасида бизнесим мавжуд. Бугунги кунда ўзим каби ўнта ёшни иш билан таъминлаганман. Келгусида уларнинг сонини икки баробарга ошириш ниятим бор.

Хоразм вилоятида старт олга бизнес марафоннинг 5-мавсуми Нукус шаҳридаги “Оққуш” меъморчилик комплексида давом этди.

Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари