Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ва Ўмон инвестиция агентлиги президенти Абдулсалам Муҳаммад Ал-Муршиди бошчилигидаги делегация вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, унда томонлар Ўмон инвестиция агентлиги билан ҳамкорликда олиб борилаётган лойиҳалар, хусусан, хусусий компанияларни қўллаб-қувватлаш ва сармоялар жалб қилиш, банк-молия соҳасидаги ўзаро алоқалар, янги иш ўринларини яратиш ҳамда логистика соҳасини такомиллаштириш юзасидан фикр алмашди.
Шунингдек, улар мамлакатимиздаги жорий иқтисодий жараёнлар, хусусан, макроиқтисодий барқарорлик, инфляция даражасининг барқарорлигини таъминлаш, давлат иштирокидаги корхоналар ва банклар трансформацияси ҳамда хусусийлаштириш жараёнлари, энергетика соҳасида бозор муносабатларини жорий этиш ва эркин рақобат муҳитини яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратди.
Учрашувда “Ўзбекистон Республикасида 2024-2030-йилларда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори бу борадаги ишларда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди. Мазкур ҳужжат ижросида ДХШ лойиҳаларини янада кенгайтириш масалаларига асосий урғу берилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқишга келишиб олди.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА