Ижтимоий тармоқларда шу йилнинг 1 октябрь санасидан бошлаб алимент тўловлари 10-15 фоизга ошиши ҳақида хабарлар тарқалмоқда.
Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг бўлим катта инспектори Ҳокимжон Икромов бунга ойдинлик киритди.
– Хабарингиз бор, жорий йилнинг 12 август куни қабул қилинган “Иш ҳақи, пенсиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, шу йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар ва нафақалар миқдори 15, 1 октябрдан бошлаб педагог ходимларнинг иш ҳақи миқдори 15, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи миқдори эса 10 фоизга оширилди.
Шу билан бирга, 2024 йил 1 октябрдан бошлаб меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ҳам 10 фоизга оширилиб, 1 155 000 сўм этиб белгиланди.
Юқоридагиларга асосан хулоса қилиш мумкинки алимент ундируви 2024 йил 1 сентябрдан бошлаб, қарздорнинг нафақасига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори 15 фоизга, 1 октябрдан бошлаб, қарздор педагог ходимларнинг иш ҳақига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори 15 фоизга, хусусий сектор ва бюджет ташкилотларида фаолият юритувчи қарздорларнинг иш ҳақига қаратилган ижро ҳужжатлари бўйича тўланадиган алимент миқдори эса 10 фоизга ошади.
Бундан ташқари, 2024 йил 1 октябрдан эътиборан, юртимизда иш ҳақи миқдорининг 10 фоизга ошиши, ўз навбатида, Статистика агентлиги томонидан эълон қилиб бориладиган республикадаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорига таъсир кўрсатиб, ишсиз алимент тўловчилар томонидан тўланадиган алимент миқдори ҳам ўртача 10 фоизга ошишини англатади.
Маълумот учун, агар алимент тўловчи шахс ишламайдиган бўлса ёки унинг иш ҳақи ва даромадини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим қилинмаган бўлса, алимент қарзи ундирилаётган вақтда Ўзбекистондаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдори бўйича ҳисоблаб чиқилади, – дейди Ҳокимжон Икромов.
М.Эшмирзаева, ЎзА