Фармон ва шарҳ

Муваффақиятли бизнес эгалари, дунёга машҳур брендларнинг яратилиш тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар жуда кўп. Улар орасида кимдандир олинган арзимаган маблағ эвазига оёққа туриб, халқаро даражада юксакликка етганлари талайгина. Бизнесда шундай – зарур паллада олинган кичик кўмак катта натижаларга асос бўлади.

Ҳаётий мисол. Маҳаллада яқинда ишга тушган катта озиқ-овқат дўконининг иши орқага кета бошлади. Сотувда барча зарур нарсалар бор, лекин савдонинг шашти паст. Аслида бошида шундай бўлиши табиий, одамларнинг янги манзилга ўрганиши бироз қийин бўлди. Сифат зўр, нарх бошқаларга нисбатан арзон бўлса ҳаммаси режадагидек бўлади. Бунинг учун бироз вақт керак, вақт эса пул.

Келтирилаётган ушбу ҳолатда бир занжирли масала бор. Яъни, растага маҳсулот етказиб бераётган корхона раҳбари янги дўкон эгасидан имкон қадар тезроқ пул олишни истайди. Олинган маблағ ишлаб чиқарувчининг янада самарали фаолият юритишида муҳим. Ҳали иш бошлаганига кўп бўлмаган тадбиркор эса савдо ҳажмини оширмай айтилган суммани келишилган муддатда етказиб бера олмайди. Унга шу арзимаган муддат – бир ойнинг нари-бериси учун моддий ёрдам бера оладиган ташкилот керак. Ташкилот шундай бўлиши керакки, сармоя ажратиш жараёнида ортиқча ҳужжатлар сўрамасин. Кўрсатаётган молиявий ёрдам учун баланд фоизда ҳақ олмасин. Энди мамлакатимизда ана шундай имкониятни берувчи факторинг хизмати ривожланади.

Юқоридаги жараённи бежиз батафсил келтирмадик. Чунки ушбу шарҳ шунга яқин муаммога дуч келаётган ишбилармонларга фойдали бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 12 августда “Факторинг хизматлари бозорини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Мутахассислар факторингни келгусида қилинадиган даромадни пулга айирбошлаш деб атайди.

Сўзимиз бошидаги мисолни якунига етказамиз. Дўконни энди очган ўша тадбиркорда ҳали кредит олишга арзийдиган “тарих” йўқ. Гаровга қўядиган мол-мулкка ҳам эга эмас. Бир қарашда банклар учун ишончсиз субъект. Лекин маҳсулот етказиб берувчи – ишлаб чиқарувчи катта маблағ айланмасига эга. Унинг фаолияти мақтагулик, иқтисодий жиҳатдан бақувват. Бу икки тадбиркор ўртасига факторинг хизмати – банк, микромолия ташкилоти ёки факторинг ташкилоти тушади.

Бу қандай бўлади? Мисол учун, факторинг хизмати кўрсатувчи товар етказиб берувчига бир-икки кунда белгиланган суммани тўлаб беради. Маълум муддат, айтайлик товарлар сотиб бўлинганидан сўнг дўкондордан маблағни ундириб олади. Бу уч томонлама келишув қисқа муддат учун мўлжаллангани, хизмат кўрсатиш ҳақи кам фоизлилиги ва жараённинг тез амалга оширилиши билан барчага манфаатли саналади. Аниқроғи, дўкон эгаси товарга эга бўлади, етказиб берувчи эса ўз пулини тезроқ қўлга киритади, факторинг компанияси эса белгиланган комиссиясини олади.

Одатда, кредит бериш чуқур таҳлилни талаб қилади. Бунда тадбиркорнинг молиявий ҳолати ва гаров имкониятлари ўрганилади, нотариал ва суғурта хизматлари учун харажатлар қилинади. Бир сўз билан айтганда ўзига хос ҳужжат тўплаш босқичига эгалиги билан факторингдан фарқланади. Бу маблағ узоқ муддатли йирик лойиҳаларга ажратилмаётгани учун қоғозбозлиги кам. Қисқа муддат учун, кам фоизлар эвазига расмийлаштирилади.

Президент фармонига кўра, факторинг ташкилотлари нобанк кредит ташкилоти сифатида Марказий банкда рўйхатдан ўтгандан кейин ушбу фаолият билан шуғулланади. Келгуси йилнинг 1 январидан кредит ташкилотларига факторинг шартномалари бўйича сотиб олинган пул талабномаларини қайта сотиш имконияти берилади.

Шунингдек, мижознинг контрагенти норезидент бўлганда, факторинг операцияларини хорижий валютада амалга оширишга рухсат этилади.

– Бу ҳужжат тайёрланиш жараёнида Хитой, Туркия ва Мексика каби давлатлар тажрибаси ўрганилди, – дейди Марказий банк департаменти директори Санжар Носиров. – Бир қанча халқаро стандартлар кўриб чиқилди. Рискларни бошқариш, хизматни кенгайтириш масалалари таҳлил қилинди. Бу хизмат оммалашса қарорлар тез қабул қилиниб, маблағлардан унумли фойдаланилади. Келгусида факторинг хизматларини кўрсатиш рақамлаштирилади. Бундай хизматлар учун электрон платформа жорий этилади. У бир қатор имкониятларга эга бўлади. Айтайлик, тадбиркорлик субъектлари томонидан хизматлардан фойдаланиш учун пул талабномалари тўғрисидаги маълумот ва ҳужжатларни киритиш мумкин бўлади. Тегишли ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини текшириш, шунингдек, қарздорлар тўғрисидаги маълумотларни тезкор йиғиш жараёнини автоматлаштирилади. Зарур вазирлик, идора ва ташкилотлар ресурсларининг интеграция қилиниши ишнинг тезкорлигини оширишда муҳим омил бўлади. Бундан ташқари, соҳага хизмат қиладиган бошқа платформалар ҳам ишлаб чиқилиши мумкин. Режалар катта, 2026 йил якунига қадар давлат улуши мавжуд банклар томонидан кўрсатилган факторинг хизматлари улушини жами молиялаштириш ҳажмида уч фоизга етказиш режалаштирилмоқда.

Халқимиз иқтисод, пул ва тадбиркорлик мавзусида азалдан илмли. Лекин замон бу борада янада шиддатли бўлишни талаб этмоқда. Яқин истиқболда факторинг хизматларининг кенгайиши тижорат банклари билан соғлом рақобат муҳитини юзага келтиради. Бу жараён эса мамлакатда тадбиркорликнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири