Танзила Норбоева: Минтақа давлатлари тараққиёти Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва фаровонлиги билан узвий боғлиқ

Хива шаҳрида Марказий Осиё давлатларининг иккинчи парламентлараро форуми ўз ишини давом эттирмоқда.
Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон парламентлари раҳбарлари ва делегациялари, шу жумладан, ёшлар парламенти ва гуруҳлари, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари вакиллари, журналистлар иштирок этаётган тадбирда Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева маъруза қилди.
Сенат Раиси Марказий Осиёдаги давлатлар раҳбарларининг олий даражада эришаётган келишувларини самарали амалга ошириш, ҳамкорлик форматларини янада ривожлантиришда парламентлар ўртасидаги ўзаро алоқалар муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.
– Мазкур форум ўз моҳиятига кўра, минтақа давлатларининг ҳар томонлама ҳамкорлигини кенгайтиришга бўлган интилишини ўзида намоён этади, – деди Т.Норбоева. – Ишончимиз комилки, бугун минтақанинг ҳамма давлатлари ўзининг келгуси тараққиётини бевосита Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва фаровонлигига узвий боғлиқ ҳолда кўради. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатда кенг кўламли ислоҳотларни бошлаганда, ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналиши сифатида Марказий Осиё минтақасини белгилади. Ва ҳар йили 5 та давлатнинг бирида анъанавий давлатлар раҳбарларининг саммитини (Маслаҳат кенгаши) ўтказиб бориш ташаббусини илгари сурди. Барча Президентлар томонидан қўллаб-қувватланган ва йўлга қўйилган ушбу муҳим ҳамкорлик формати минтақадаги доимий мулоқот майдони, ўзаро муҳим масалаларни муҳокама ва ҳал этишнинг самарали механизмига айланди.
Давлатларимиз раҳбарларининг ташаббуси ва сиёсий иродаси натижасида қисқа муддатларда минтақада жадал интеграция жараёнларига старт берилди. Дастлабки босқичда мазкур формат мақсади минтақада йиғилиб қолган муаммолар – чегара, транспорт, сув ресурслари, савдо соҳаларида бир қатор зиддиятларни бартараф этишдан иборат бўлган бўлса, бугун минтақадаги ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш жараёнларига туртки берувчи, ҳаракатлантирувчи омилга айланди десак, муболаға бўлмайди.
Ўзбекистон ташаббуси туфайли минтақанинг барча мамлакатлари билан чегараолди савдо зоналарини ташкил этиш ишлари бошланди. Ҳозирги вақтда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан бундай ҳудудларни шакллантириш механизми йўлга қўйилган.
Биргина Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатлар билан ўзаро савдо айланмаси кейинги 7 йилда деярли 3 баробарга ошди (2017 йилдаги 2,7 миллиард доллардан 2023 йилда 7,2 миллиард долларгача).
Умумий ўзгаришлар орасида сув, сув-энергетика ва экология масалалари билан боғлиқ йўналишда ҳам кўплаб ижобий натижалар кузатилмоқда.
Норгул Абдураимова, ЎзА