Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Россия делегациясининг мамлакатимизга ташрифи доирасида РФ иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников билан музокара ўтказди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида бўлиб ўтган учрашувда томонлар савдо-иқтисодий муносабати ривожланиши суръатини жадаллаштириш, сармоявий ва ҳудудлараро ҳамкорлик кўламини кенгайтириш имкониятини муҳокама қилдилар.
Таъкидланишича, биринчи ярим йилликда Россия билан товар айирбошлаш, асосан экспорт ҳисобига, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоиз ошган. Айни пайт юртимизда РФ капитали иштирокида 3 мингдан зиёд корхона фаолият юритмоқда. 2023 йил охирида автомобиль ва темир йўл транспортида ташилган юк ҳажми ўртача 35 фоиз ўсди. Ҳаво қатновида ҳам сон ва сифат даражасида сезиларли юксалиш кузатилди.
Олий ва юқори даражадаги ташрифлар чоғида эришилган инвестиция битимлари ва лойиҳалар бажарилишини назарда тутган ҳолда, амалдаги келишувлар ижроси ҳолати кўриб чиқилди.
Тошкентда Бутунроссия ташқи савдо академияси филиалини очиш ва Стратегик ташаббуслар эксперт маркази фаолиятини ташкил этиш юзасидан белгиланган чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу лойиҳаларнинг амалий жиҳатлари атрофлича муҳокама қилинди.
Шундан сўнг вазирлар ректор Тўлқин Тешабоев ҳамроҳлигида университетни айланиб, ташаббусни амалга ошириш учун яратилган шарт-шароит билан танишдилар.
Г.Сатторова,
ЎзА