Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг йиғилишида рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов иштирок этди.
Вазир ўз чиқишида Кенгаш аъзоларининг нафақат Рақамли технологиялар вазирлиги фаолиятини, балки мамлакатимизда олиб борилаётган рақамлаштириш ва электрон ҳукумат йўналишидаги ишларни янада ривожлантириш, соҳани такомиллаштириш борасидаги таклиф ва мулоҳазалари муҳимлигини таъкидлади.
Йиғилишда “Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони мазмун-моҳияти, унда белгилаб берилган вазифалар, хусусан, Жамоатчилик кенгашлари фаолиятига оид бандлар, уларнинг ижросини таъминлаш бўйича белгиланган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.
Жамоатчилик кенгаши давлат органининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш учун давлат органини фуқаролар билан боғлаб турадиган “кўприк” ролини бажариши айтиб ўтилди.
Муҳокамаларга бой ўтган йиғилишда кенгаш аъзолари –“Ishonch” ва “Ishonch-Доверия” газеталари бош муҳаррири Ҳ.Эрматов, “Digital Generation Uzbekistan” ННТ директори А.Жалолов, соҳа фахрийси Ҳ.Муҳитдинов ва бошқалар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, Кенгаш фаолиятини тўғри ва самарали ташкил қилиш бўйича таклифлар берди.
Йиғилиш сўнггида Жамоатчилик кенгашининг кейинги фаолиятини кенгаш аъзоларининг таклифлари асосида ишлаб чиқиладиган режа бўйича ташкил қилишга келишиб олинди.
Н.Раҳмонова, ЎзА