Яқинда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги раҳбарияти ҳамда Туркиянинг Энергетика ва табиий ресурслар вазири ўринбосари, «MTA International Mining Inc.» (MTAIC) компанияси бошқарув кенгаши раиси Берат Чўнкар бошчилигидаги делегация ўртасида учрашув ўтказилди.
Унда икки томон вакиллари Ўзбекистон ва Туркия ўртасида тоғ-кон саноати ҳамда табиий ресурслар йўналишидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганини қайд этди.
Шундан сўнг турк томони бу борадаги тажриба ҳамда хорижий давлатлардаги фаолияти хусусида тўхталди. Унга кўра, MTAIC xориждаги кон қазиш салоҳиятига эга бўлган ҳудудларда минераллар, қимматбаҳо металлар бўйича геологик (ер ости), геофизик ва геокимёвий тадқиқотлар ўтказади. Иқтисодий жиҳатдан фойдаланишга яроқли бўлган конларда объектлар ташкил этиш орқали хомашё ишлаб чиқаришни амалга оширади.
Шунингдек, мулоқот чоғида MTAIC компанияси томонидан Ўзбекистонда ташкил этилган «MTA Tashkent Mining Company» корхонаси фаолиятини кенгайтириш истиқболларига ҳам эътибор қаратилди. Қайд этилишича, мазкур корхона Ўзбекистонда фойдали қазилмаларни тадқиқ этиш ва қидириш фаолиятини амалга оширади. У 2019 йилда ўз фаолиятини бошлаган.
Вазирлик ахборот хизматига кўра, учрашув якунида ушбу хорижий компания тоғ-кон саноати соҳасида янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифлар тақдим этди. Вазирлик раҳбарияти томонидан ҳамкорликнинг барча турлари қўллаб-қувватланиши таъкидланиб, таклиф этилган лойиҳалар бўйича ҳамкорликнинг аниқ режалари белгилаб олинди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА