Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий ваколатхонасида уюштирилган қатор тадбир ва муҳим учрашувларда иштирок этди.
Нью-Йорк шаҳрида Омбудсман БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) Ижрочи директори ўринбосари Дейн Кейта билан учрашди.
Суҳбат аввалида Д.Кейта Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги билан табригини изҳор қилиб, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг чуқурлиги ва кўламини эътироф этди. Инсон ҳуқуқларини, жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, аҳолини, ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни оилавий зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилган ишларнинг натижаларини ижобий баҳолаб, кузатиб бораётганини қайд этди.
Жорий йилнинг 14 февраль куни Омбудсман БМТ Аҳолишунослик жамғармаси ваколатхонасининг янги тайинланган раҳбари Нигина Абасзаде билан учрашганда ҳамкорлик режалари белгилаб олинган эди.
Дейн Кейта билан мулоқотда Феруза Эшматова Ўзбекистоннинг ушбу режаларни амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини билдирди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда истиқболдаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА