Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида “Аҳолига психологик ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги қонун дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Мажлисда, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун ҳам кўриб чиқилди.

“Таълим тўғрисида”ги қонунга маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча киритилаётгани ва унинг аҳамияти, заруратига алоҳида тўхталиб ўтилди.

Таъкидланганидек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга мазкур фаолият турига қўйиладиган талабларни бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун билан фуқароларга тиббий ташхис қўйиш ва уларни даволаш хизматларини халқ табобати соҳасидаги фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан кўрсатилиши, шунингдек, хизматларни халқ табобати йўналишида рухсат этилмаган усулларни қўллаган ҳолда моддий қимматликлар олиш ёки мулкий манфаатдор бўлиш эвазига кўрсатганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланаётгани айтиб ўтилди.

Мазкур хизматларни омма олдида тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик ўрнатилмоқда.

Муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА