Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги арафасида қардош Қозоғистондаги “Фолиант” нашриётида ўзбек тилидаги китоблар нашрдан чиқди.
Болаларга мўлжалланган “Уч айиқ”, “Фил ва маймун”, “Йўлбарс ва сичқон”, “Бола ва қалдирғоч, “Чумчуқ ва сичқон” номли эртак тўпламларига қозоқ халқ эртаклари киритилган. Бу эртакларни қозоқ тилидан ўзбекистонлик адиба Муҳаббат Йўлдошева ўзбек тилига ўгирган.
— “0+” белгиси билан чиққан ранг-баранг, суратларга бой, юқори сифатли қоғозга босилган бу китобчалар энг кичик ёшдаги эртаксевар болажонларимиз учун яхши совға бўлади, деб ўйлайман, — деди Муҳаббат Йўлдошева. — Марказий Осиёдаги энг йирик нашриётлардан бири ҳисобланувчи “Фолиант” 1996 йилдан бери ноширлик соҳасида фаолият юритиб келмоқда.
“Фолиант” нашриёти шу пайтгача қозоқ ва рус тилларида болалар ва ўсмирлар учун турли жанрлардаги кўплаб бадиий асарларни, расмли илмий-оммабоп китобларни ва дарсликларни нашр қилган.
Шунингдек, “Фолиант” нашриёти Европа ва Осиё мамлакатлари ноширлари, китоб савдоси, илмий-таълимий ва матбаа компанияларини бирлаштирувчи Евроосиё халқаро китоб кўргазмаси — “Eurasian Book Fair”нинг ташкилотчиси сифатида ҳам фаолият кўрсатади.
Н.Усмонова,
ЎзА