Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан инсон ҳуқуқлари борасидаги ислоҳотлардан халқаро ҳамжамиятни хабардор этиш мақсадида мамлакатимизнинг БМТдаги доимий ваколатхонасида қатор тадбирлар ва муҳим учрашувлар ўтказилди. Мазкур тадбирларда Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматова иштирок этди.

БМТ Тараққиёт дастури штаб-квартирасида БМТнинг Европа ва МДҲ мамлакатлари бўйича минтақавий директори Ивана Живкович билан учрашувда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, жумладан, инсон ҳуқуқлари, парламент сайловлари, бу борадаги қонунчиликдаги ўзгаришлар, шунингдек, Омбудсман институти фаолияти ҳақида сўз борди. Ўзаро мулоқот давомида кейинги йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги алоқалар тобора кучайиб бораётгани, ҳозирги вақтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда минтақада етакчи эканлиги қайд этилди.

Ивана Живкович Омбудсман ҳамда фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш ҳамда янада кучайтиришда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Самимий ва конструктив руҳда ўтган учрашув якунида томонлар истиқболдаги ҳамкорлик лойиҳалари юзасидан фикр алмашишди.

Ўзбекистон Омбудсмани хизмат сафари доирасида БМТ тузилмалари йиғилишларида иштирок этди ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарнинг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси раҳбари, БМТ Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва қатор бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашди.

БМТ Бош котибининг инсон ҳуқуқлари бўйича ёрдамчиси, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарининг Нью-Йоркдаги ваколатхонаси раҳбари Илсе Брандс Керис билан учрашувда 2023 йилда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Фолькер Тюркнинг Ўзбекистонга ташрифи барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашга хизмат қилгани таъкидланди. Ф.Тюрк Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувини ҳамон илиқлик билан эслаши қайд этилди. Ўзбекистонда амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар юксак баҳоланди.

“Биз сизнинг мамлакатингизда амалга оширилаётган ижобий жараёнлардан хабардормиз ва Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар фаолиятининг ҳуқуқий асослари кучайтирилаётганини кузатиб бормоқдамиз ва буни муҳим деб ҳисоблаймиз”,  — деди БМТ вакили. Мулоқот давомида у Омбудсманнинг қийноқларнинг олдини олиш борасидаги фаолиятини долзарб деб ҳисоблаб, инсон ҳуқуқлари бўйича қонунчиликка таклифларни ташаббус ҳуқуқи тартибида илгари суриш, фуқаролик жамияти институтларини мустаҳкамлаш, аҳолининг, шу жумладан, ёшларнинг инсон ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини қайд этди. Ўзбекистон билан мамлакат учун устувор бўлган барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Н.Абдураимова, ЎзА