Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссия (ESKATO) томонидан Остона шаҳрида ташкил этилган “Рақамли инклюзия ва трансформация бўйича Осиё – Тинч океани вазирлар конференцияси”да иштирок этди.
Вазирлар конференцияси барқарор ривожланиш учун рақамли инновацияларни жадаллаштириш учун зарур бўлган минтақавий ҳамкорлик режасини кўриб чиқди. Унда Осиё ва Тинч океани минтақасидаги ҳукумат раҳбарлари ва вазирлар ҳамда бошқа муҳим манфаатдор томонлар рақамли инклюзия ва трансформация, минтақада барқарор ривожланишнинг қандай боришини муҳокама қилди.
Вазирлар конференцияси, шунингдек, рақамли тафовутни бартараф этиш, рақамли кўникмаларни ўқитишни таъминлаш, рақамли уланишни кучайтириш, рақамли хавфсизликни таъминлаш ҳамда рақамли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган.
Вазир Ш.Шерматов конференция доирасида «Барқарор ривожланиш мақсадларини жадал амалга ошириш учун инклюзив ва барқарор рақамли келажакни қуриш сиёсатининг истиқболлари» мавзусидаги панель сессиясида ўз нутқи билан иштирок этди.
Вазир нутқи давомида Ўзбекистоннинг рақамли келажаги ва барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва ташаббуслар билан ўртоқлашди.
Шунингдек, Ўзбекистонда рақамли технологияларнинг иқтисодий ўсиши ижтимоий инклюзивлик ва экологик барқарорлик учун кучли восита бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.
Вазир фуқароларга қулайлик яратиш ҳамда уларнинг яшаш тарзини енгиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган Давлат хизматлари портали бюрократик жараёнларни соддалаштириш билан бирга самарадорлик ва шаффофликни ошираётганини айтиб ўтди.
Шу билан бирга, Рақамли давлат хизматларини кўрсатишда инклюзивликни ривожлантириш бўйича фаол саъй-ҳаракатлар олиб борилаётгани қўшимча қилинди.
Ўз навбатида, маҳаллий ва халқаро IТ-компанияларни жалб қилиш, ёшлар ва аёлларни фаол иш билан таъминловчи технологик экотизимни ривожлантириш мақсадида солиқ имтиёзлари тақдим этилаётгани таъкидланди.
Н.Раҳмонова, ЎзА