Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган «Тирик тарих» туркум фильмларини яратиш лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев кейинги йилларда миллий кино санъатини ривожлантиришнинг янги босқичи бошланганини эътироф этди. Бугунги кунда миллий тарихимиз ҳамда мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларини акс эттиришга оид кўплаб янги фильмлар яратилиб, томошабинларга тақдим этилди. Айниқса, шу йил 16 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кино соҳаси вакиллари билан учрашуви соҳа ходимлари масъулиятини янада кучайтирмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 5 июнда қабул қилинган «Кинематография соҳасини янада ривожлантириш ҳамда мамлакатимиз тарихига бағишланган фильмлар туркумини яратишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни тобора юксалтириш имконини бераётгани билан аҳамиятлидир.

Мазкур қарор кинематография соҳасини янги босқичга кўтариш, миллий давлатчилигимизнинг уч минг йилдан зиёд тарихини, буюк аждодларимизнинг илмий, маданий ва маънавий меросини акс эттирувчи фильмлар туркумини ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашдек эзгу мақсадларни кўзлагани билан аҳамиятлидир.

Ҳужжатга кўра, Маданият вазирлиги, Фанлар академияси, Кинематография агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази, Ўзбекистон киноарбоблари ижодий уюшмаси ҳамда илмий-ижодий жамоатчиликнинг таклифлари асосида 2024-2027 йилларга мўлжалланган «Тирик тарих» фильмлар туркумини яратишни кўзда тутади.

Ушбу лойиҳа орқали халқимизнинг қадимий тарихи ва бой маданияти, азалий қадрият ва анъаналари, эзгу орзу-интилишларини чуқур илмий асосларга таяниб, тўлақонли акс эттириш, Ватан озодлиги ва равнақи йўлида курашган буюк саркарда ва давлат арбобларининг мураккаб ҳаёти ва давлатчилик фаолиятини холис ва ҳаққоний кўрсатиб бериш, тарихимизда ёрқин из қолдирган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, аллома ва мутафаккирлар, шоир ва адиблар, маърифатпарвар жадид боболаримиз, атоқли санъаткорларнинг илмий-ижодий мероси, уларнинг умумбашарий тамаддун ривожига қўшган муносиб ҳиссасини юксак ғоявий-бадиий савияда намойиш этишдек вазифалар белгиланган.

Мазкур лойиҳа 54 та янги фильм суратга олинишини кўзда тутади. «Тирик тарих» туркуми доирасида дастлабки картина – «Баҳодир Ялангтўш» фильми мамлакатимизнинг кенг жамоатчилигига манзур бўлди. Айни пайтда ушбу картинага хорижда ҳам катта қизиқиш билдирилмоқда.

«Тирик тарих» туркум дастури кино соҳасидаги барча ижодий кучларни бирлаштириш орқали халқимизга етук, бадиий баркамол асарлар тақдим этишни кўзлаши билан аҳамиятлидир. Дастур доирасида ёш киночилар учун тарих ва адабиёт бўйича махсус ўқув курслари ҳам ташкил этилиши режалаштирилган. Ушбу ўқув машғулотлари юртимизнинг етакчи олимлари, экспертлари томонидан олиб борилиши кўзда тутилган. Ўқув курслари давомида тарихий мавзуларга қандай ёндашиш ҳақида олимлар, йирик мутахассислар ўз фикрлари билан ўртоқлашади.

«Тирик тарих» туркум дастури доирасида «Махтумқули», «Улуғ Амир Темур ва донна Мария», «Юлдузлар шуъласи: Жомий ва Навоий» , «Ўзбек арслони», «Хива лангари» ва бошқа кўплаб фильмлар кино мухлислари эътиборга ҳавола этилади. Шу билан бирга тарихимизнинг яна кўплаб саҳифаларини акс эттирувчи «Гулойим ва қирққиз», «Нур ва зиё», «Ал-Хоразмий», «Мирзо Улуғбек», «Шаҳобиддин Маржоний» ва бошқа фильмлар тақдим этилади.

Матбуот анжуманида «Тирик тарих» туркум дастури доирасидаги барча фильмлар, мазкур лойиҳадан ташқари суратга олинаётган экран асарлари, янги режалар ҳақида кенг ва батафсил маълумотлар берилди.

Назокат Усмонова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА