Мамлакатимизда 2 минг 676 та фойдали қазилма кони мавжуд бўлиб, улардан рухсатнома асосида тадбиркорлик субъектлари томонидан 2 мингдан зиёд фойдали қазилма қазиб олинмоқда.

Айниқса, қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш ривожланмоқда. Президентимизнинг 2018 йил ноябрдаги тегишли қарори билан тадбиркорликнинг бир тури сифатида мазкур фаолиятнинг ҳуқуқий асослари яратилди.

2019-2023 йиллар мобайнида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш фаолияти учун 300 дан зиёд рухсатнома расмийлаштирилиб, тадбиркорлик фаолиятининг қонунийлиги таъминланган.

Аммо кўрилаётган чора-тадбирларга қарамасдан, қимматбаҳо металларни ноқонуний қазиб олиш билан боғлиқ ҳолатлар ҳамон кузатилмоқда. Ўтган бир йилда қимматбаҳо металларни ноқонуний йўл билан қазиб олиш билан боғлиқ 100 дан зиёд ҳолат аниқланган.

Жиззах, Самарқанд, Навоий ва Тошкент вилоятларида жами 79 нафар жисмоний шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган. Соҳада ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ортиб бориши мазкур қилмишларни содир этганлик учун жавобгарликни кучайтиришни тақозо этмоқда.

Сенат ялпи мажлисида муҳокама қилинган «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ерни ва ер ости бойликларини асраб қолишга ҳамда муҳофаза қилишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида»ги қонун шу мақсадга қаратилган.

Қонун билан фойдали қазилмаларни қонунга хилоф равишда қазиб олиш маъмурий жазо қўлланилганидан кейин такрор содир этганлик учун, шунингдек, фойдали қазилмаларни олтин изловчилар усулида рухсатномасиз қазиб олганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутадиган нормалар Жиноят кодексида мустаҳкамланмоқда.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларида қурилиш ишларини амалга ошириш, шунингдек, ер бериш тартибини бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома тузиш юзасидан ички ишлар органларига зарур ваколатлар берилмоқда.

Сенаторлар маъқуллаган қонун ерни ва ер ости бойликларини асраб қолиш ҳамда муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилишини, шунингдек, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликларнинг самарали профилактикасини таъминлашга хизмат қилади.

Н.Абдураимова, Н.Ҳайдаров (сурат), ЎзА