Президентимизнинг жорий йил 23 августда «Креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжаҳон анжуманининг Тошкент шаҳрида ўтказилишига тайёргарлик кўришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, 2024 йил 2-4 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжаҳон анжумани ўтказилади.

Анжуманга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ташкилий қўмита тузилади ҳамда чора-тадбирлар режаси тасдиқланади.

Ўзбекистонда 2030 йилгача креатив иқтисодиётни ривожлантириш концепцияси ҳамда уни 2025-2026 йилларда амалга ошириш бўйича давлат дастури лойиҳаси Бутунжаҳон анжумани якуни бўйича ишлаб чиқилади.

Анжуман доирасида Француз маданият маркази, Миллий реставрация маркази лойиҳалари, шунингдек, Абулқосим мадрасаси ва «Оҳунгузар» маданий мерос объектида креатив иқтисодиёт кластерларини яратиш лойиҳалари тақдимотлари ўтказилади.

Ш.Маматуропова, 

ЎзА