Пойтахтимизда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) халқ дипломатияси маркази, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси, Ўзбекистон Миллий медиа бирлашмаси ҳамкорлигида “Марказий Осиё овози: миллий макондан минтақавий макон сари” мавзуида Марказий Осиё давлатлари журналистлари учрашуви бўлиб ўтди.
Қозоғистон, Қирғизистон ва тожикистонлик оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган тадбирда меҳмонлар Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тарихи музейи экспонатларини кўздан кечирди. ЎзМТРК медиамарказида телеканаллар, жумладан, “Ўзбекистон тарихи” телеканали учун турли дастур ва кўрсатувлар ёзиб олишга мўлжалланган студияларда журналист ва техник ходимлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
Улар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан тажриба алмашиш имкониятларига эга бўлди. Тадбир якунида иштирокчи давлатлар вакилларига “Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси замон билан ҳамқадам” китоби туҳфа этилди.
Шундан сўнг меҳмонлар “Tashkent city mall”, унинг ҳудудида ташкил этилган “Жадидлар. Туркистонга мактублар” мультимедиа кўргазмаси, пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари билан танишди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА