Озарбайжон БРИКС гуруҳига кириш учун расман ариза топшириб, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам ташлади. Бу ҳақда “АзерТАЖ” мамлакат ТИВ матбуот котиби Ойхон Ҳожизодага таяниб хабар берди.
Мазкур қарорни, қайсидир маънода, Боку ва Пекин ўртасидаги стратегик шерикликни кенгайтириш билан боғлиқ мантиқий воқеа, дейиш мумкин. Июль ойи бошида икки мамлакат раҳбарлари қўшма декларация қабул қилган эди. Ўшанда Хитой Озарбайжоннинг БРИКСга қўшилиш мақсадини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирган.
олаверса, Россия Президенти Владимир Путин Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиевни октябрь ойида Қозонда бўлиб ўтадиган БРИКС саммити доирасида ўтказиладиган учрашувга ҳам таклиф қилган.
Ушбу тадбирда 10-15 дўст давлат вакиллари қатнашади. БРИКС 2006 йил ташкил этилган, иқтисодиёти ривожланган етакчи давлатлар – Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой ва Жанубий Африкани бирлаштирган нуфузли ҳукуматлар аро ташкилот саналади. Сўнгги йилларда тузилмага Миср, Эфиопия, Эрон ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳам қўшилди.