Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Финляндия миллий таълим агентлиги билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда Финляндия илҳомлантирилган таълим тизимини ривожлантириш” қўшма лойиҳаси доирасида инклюзив таълимга оид тадбир ташкил этди.
Мактабгача таълим ташкилотлари директор ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтида ўтказилган семинарга Финляндия миллий таълим агентлиги мутахассислари томонидан инклюзив таълим жараёнига жалб этилган педагоглар таклиф этилди.
Мазкур семинарга Тошкент шаҳри, Жиззах, Aндижон ва Қашқадарё вилоятларидан инклюзив таълим жорий қилинган умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган 80 нафар педагог жалб қилинди.
Семинар давомида Финляндия миллий таълим агентлиги мутахассислари
«Инклюзив таълим сари: Якуний ёндашув, инклюзив таълимда мактабнинг иштироки» мавзусида иштирокчиларга Финляндия тажрибаси тўғрисида маълумотлар бермоқда.
“Таълим барча учун” тамойили асосида 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб республика бўйича тажриба-синов тариқасида 31 та умумтаълим мактабларида инклюзив синфлар ташкил этилиб, уларга 122 нафар алоҳида таълимга эҳтиёжи бўлган болалар жалб қилинган.
2023-2024 ўқув йили якуни бўйича инклюзив таълим жорий этилган умумтаълим мактаблари сони 530 тани, улардаги ўқувчилар сони эса 1 минг 190 нафарни ташкил этмоқда.
–Ўзбекистон ва Финляндия қўшма лойиҳаси бўлган ушбу семинар жуда аҳамиятли, – деди Мактабгача таълим вазирлиги Инклюзив таълим ва «Меҳрли мактаб» лойиҳасини ривожлантириш бўлими масъул ходими Абдурасул Абдуғаниев. – «Таълим барча учун» тамойили мактабларда зўравонлик ҳолатларининг олдини олишга қаратилган.
Инклюзив таълимга оид семинар 23 августга қадар давом этади.
Н.Усмонова,
ЎзА