Ўзбекистон Республикасининг Куала-Лумпурдаги элчихонасида Малайзияда истиқомат қилувчи мамлакатимиз фуқаролари қонуний ҳуқуқи ва манфаати муҳофазаси масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Ушбу давлат Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Семених” Хорижий фуқароларни вақтинча сақлаш маркази бошлиғи иштирокидаги мулоқот давомида Ўзбекистонда хавфсиз меҳнат миграциясини ташкил этиш ва хорижда ишлаётган юртдошларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берилди.

Ўз навбатида Марказ бошлиғи ҳар йили Малайзияга 29 миллион чет эллик ташриф буюраётганига урғу бериб, уларнинг айримлари маҳаллий қонунларни бузиши ҳолатлари учраб туришини айтди. Қоидабузарлар орасида фуқароларимиз йўқлиги таъкидланди.

Учрашув якунида Ўзбекистон фуқароларига зарур юридик ва бошқа шаклда ёрдам кўрсатиш учун яқин алоқа ўрнатишга келишилди. Малайзия томони ҳам чет элликларни вақтинча сақлаш маркази тажрибаси билан алмашиш мақсадида республикамиз ваколатли идоралари билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Азиза Алимова, ЎзА