Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ҳудудларда саноат салоҳиятини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ, мамлакатнинг барча туман ва шаҳарларида саноат корхоналари билан ишлаш бўйича «республика – вилоят – туман» тамойили асосида вертикал тизим йўлга қўйилади.

Ҳудудларда саноат корхоналари билан манзилли ишлаш мақсадида:

туман ва шаҳарларда ҳокимнинг биринчи ўринбосари бошчилигида солиқ ва статистика органлари, банклар ва иқтисодий инфратузилма корхоналарининг раҳбарларини ўз ичига олувчи ҳудудий штаблар;

иқтисодиёт ва молия вазирининг ўринбосари раҳбарлигида ҳудудий штаблар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика штаби тузилади.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари ҳамда туман ва шаҳар ҳокимлари ҳудудий штаблар фаолиятини самарали ташкил этиш, корхоналарнинг самарадорлигини ошириш ҳамда уларнинг муаммоларини тезкор ҳал этишга ҳар томонлама кўмаклашиш учун шахсан масъул ҳисобланади.

Энергетика вазирлиги, Марказий банк, Солиқ ва Божхона қўмиталари, Статистика агентлиги ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Республика штаби сўровига мувофиқ, саноат корхоналарига оид маълумотлар ҳудудий штабларга тақдим этилиши таъминланади.

Ҳудудий штаблар томонидан ҳар ҳафта саноат корхоналари муаммоларини ҳал этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолати юзасидан маълумотлар Республика штабига, Республика штаби томонидан эса ҳар ой ҳудудлар кесимидаги маълумотлар ва тизимли муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

2024 йил 1 сентябрдан бошлаб:

Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари таркибида Саноатни ривожлантириш йиғма бўлимлари ташкил этилади;

туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт ва молия бўлимларида саноатни ривожлантириш бўйича бош мутахассис лавозими жорий этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар ҳокимларининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида:

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармалари бошлиғи;

туманлар (шаҳарлар) иқтисодиёт ва молия бўлимлари бошлиғи этиб белгиланади.

ЎзА