Сенат ялпи мажлисида “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.
Сенат Раиси Танзила Норбоева мазкур қонун бўйича муносабат билдирди. Охирги уч йилда икки минг нафардан зиёд шахс ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилингани жамиятимизга мутлақо ярашмайдиган ҳолат эканини қайд этди.
– Болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатни кечириб бўлмайди, бу ҳақда жамоатчилик фаоллари ҳам ўз муносабатини билдириб келмоқда, – деди Т.Норбоева. – Бундай ҳолатларга қонуний жазо чораларини кучайтириш вақти келди. Тўғри, болалар ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, манфаатларини таъминлаш масалалари, айниқса, зўравонликка йўл қўймаслик бўйича жуда катта ишлар амалга ошириляпти. Бу жараёнда жамоатчилик, хусусан, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам фаол иштирок этаётгани яхши натижа беряпти. Лекин, қонунчиликни янада мустаҳкамлаш, зўравонликка қонуний тўсиқ қўйишнинг аҳамияти эса жуда катта. Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ушбу масалада ташаббус билан чиққан. Биз мана шу агентликка миннатдорлик билдирамиз. Чунки айнан уларнинг ташаббуси билан мазкур қонун Қонунчилик палатасига киритилди. Мазкур қонун болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш бўйича яхлит, мустаҳкам ва ишончли тизим яратилишига хизмат қилади.
– Ҳар доим айтамиз, қонунлар яхши қабул қилинади, халқаро стандартларга жавоб беради, миллий манфаатларимизга мос келади, лекин уларнинг амалиёти – энг асосий иш. Шунинг учун қонун қабул қилингандан кейин, албатта, муаммога ёндашувни ўзгартириш керак. Шундай қилишимиз керакки, ҳар қандай зўравонлик барҳам топсин. Маҳаллий кенгаш депутатлари ҳам қонунни олиб, маҳаллаларда нотинч оилалар ўртасида, мактабларда, мактабгача таълим муассасаларида, умуман олганда, ёшлар, ота-оналар ўртасида тарғибот-тушунтириш ишларини самарали ташкил қилиши, бунда, оилалар, болалар билан ишловчи тузилмалар максимал даражада қамраб олинишига эътибор қаратиш керак. Бу борада медиа имкониятларини самарали жалб қилиш мақсадга мувофиқ, – деди Сенат Раиси.
Жойларда “маҳалла еттилиги” билан биргаликда ишлаш зарурлиги, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг энг қуйи бўғинлари ходимларини бириктириш кераклиги қайд этилди. Бу борада ходимларнинг тайёргарлиги ва замонавий стандартларга мос равишда ўз ишини билиши жуда муҳим.
Айтиб ўтиш керакки, ижтимоий ҳимоя масаласига оид тизимнинг Президент ҳузурида жорий қилингани бу масалага давлатимизни қанчалик эътибор бераётганидан далолат. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг мақоми юқори қилиб қўйилгани ҳам бежиз эмас. Чунки муаммо бор. Таълим, тарбия, тиббий хизмат масаласида зўравонликка учраган болалар бўйича муаммо бўлмаслиги мумкин, лекин зўравонлик қилган шахслар билан ишлашда муаммо бор. Албатта, бу тизим бўйича прокуратура, Ички ишлар вазирлигида ходимларни ўқитиш, қайта тайёрлаш учун ўқув муассасаларида қисқа муддатли курслар ташкил қилиниши керак. Тузатиш дастурлари билан таништирилиб, зўравонлар билан алоҳида ишларни йўлга қўйиш керак.
Норгул Абдураимова, ЎзА