Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ва Стратегик ислоҳотлар агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат фуқаролик хизматини ташкил этиш тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони лойиҳаси тайёрланди.

Унда давлат хизматини ривожлантириш агентлиги – Давлат бошқаруви академияси ҳамда «Эл-юрт умиди» жамғармасининг доимий ҳамкорлигига асосланган давлат хизматида кадрлар тайёрлаш кластерини жорий этиш назарда тутилган.

Давлат хизматчилари билан меҳнат шартномасини дастлаб бир йил муддатга тузилиши ва кейинчалик фаолиятининг ижобий натижаларига кўра шартнома доимий муддатга узайтирилиши белгиланмоқда. Давлат хизматига илк бор қабул қилинганлар дастлаб мажбурий қайта тайёрлаш курсларида, кейинчалик ҳар уч йилда малака ошириб бориши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, раҳбарликка иқтидорли кадрларни танлов асосида жалб этишга қаратилган «ТОП-100» дастурини жорий этишга доир таклиф ишлаб чиқилган.

Давлат хизматчиларида касбий маданиятни шакллантириш мақсадида Агентликда Одоб-ахлоқ комиссиялари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича бўлинма ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Давлат органларидаги лавозимларни эгаллаш бўйича очиқ танловларни ўтказишнинг ҳуқуқий тартиботлари мустаҳкамланмоқда ҳамда ушбу соҳада қонунбузилиш ҳолатларига жавобгарлик кучайтирилмоқда.

Давлат хизматида ойлик иш ҳақи тизимини тубдан ислоҳ қилиш белгиланмоқда. Бунда лавозимлар юклатилган вазифаларнинг мураккаблиги даражасига кўра «грейд» (синф)ларга ажратилиб, иш ҳақи белгиланиши назарда тутилган.

Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги тузилмасида Раҳбар кадрларни баҳолаш маркази ташкил этилиши кўзда тутилган.

Н.Абдураимова, ЎзА