Бугунги кунда фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, қурилиш объектларида аниқланган қоидабузарликларни қайд этиш (фото ва видеоматериаллар кўринишида) ва уларни қурилиш соҳасидаги назорат бўйича ваколатли органларга юбориш имконини берувчи “Огоҳ фуқаро” электрон тизими яратилган.

Фойдаланувчилар учун қулайлик яратиш мақсадида OneID – Ягона идентификация тизимига интеграция қилинган. Тизим жамоатчилик вакилларига республикамизда ноқонуний қурилаётган объектлар ҳақидаги маълумотларни фото ва видео кўринишида жўнатиш имконини беради.

Мобиль илованинг бош саҳифасида объектлар харитаси яратилган бўлиб, бунда вилоятлар кесимида статистик ҳисоботлар ва объектлар сонини, ҳар бир объект манзили, номи, пудратчи, ариза рақами, объект рўйхатдан ўтган ва фойдаланишга топширилган сана ҳамда бошқа бир қатор маълумотларни кўриш имконияти яратилган.

Бу ҳақда парламент қуйи палатаси мажлисида айтиб ўтилди. Унда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири вазифасини бажарувчи Ш.Ҳидоятовга “Қурилиш соҳасининг шаффофлигини таъминлаш ва қурилиш ишларини кузатиб бориш учун жамоатчиликка имконият яратиш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида” юборилган парламент сўровига берилган жавоб кўриб чиқилди.

Парламент сўровида фуқароларга қурилаётган объектлар тўғрисида мустақил равишда ахборот олиш, ноқонуний қурилишларни аниқлаш, “Огоҳ фуқаро” ҳамда “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими электрон платформалари ва геопорталдан самарали фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар юзасидан асослантирилган тушунтиришлар бериш сўралган эди.

Мажлисда қайд этилганидек, қурилиш соҳасида шаффофликни таъминлашга хизмат қилувчи “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизимини ишга тушириш бўйича вазирлик томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, “Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” томонидан тизим доирасида “Қурилиш сифат назорати”, “Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизаси”, “Лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертиза хулосалари” электрон реестри, “Инвестиция дастуридаги объектлар қурилиши мониторинги” ахборот тизимлари ва “Қурилиш соҳасида давлат хизматлари” платформаси ишлаб чиқилиб, ишга туширилган.

Мазкур ахборот тизимлари 15 та вазирлик ва идоранинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилинган. Натижада тизим 2021 йил 1 январдан бошлаб республиканинг барча ҳудудида тўлиқ ишга туширилган.

Урбанизация ва шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш Республика маркази фаолияти ташкил этилиб, унга “Давлат шаҳарсозлик геоахборот тизими” идоралараро геоахборот дастурий комплексини юритиш ва оператор функциясини бажариш, шунингдек, ушбу тизимга маълумотларни жойлаштириш, сақлаш, фазовий маълумотлар алмашинувини таъминлаш ва улардан фойдаланиш ҳуқуқларини бошқариш ваколати берилган.

Шунингдек, Давлат дастурлари доирасида ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари мунтазам равишда Давлат шаҳарсозлик геоахборот тизимига киритиб келинмоқда.

М.Комилова,

ЎзА