Франциянинг Париж шаҳри XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари билан хайрлашиш асносида XVII ёзги Паралимпия ўйинларини қаршилашга ҳозирланмоқда.
Жорий йилнинг 28 август-8 сентябрь кунлари матонатли ва иродали спортчилар ўртасида ташкил этиладиган тўрт йиллик ўйинларнинг бу галги баҳсларида мамлакатимизнинг 65 нафар спортчиси 9 та спорт тури бўлган пара енгил атлетика, пара таэквондо, пара ўқ отиш, пара сузиш, пара каноэ, пара академик эшкак эшиш, пара дзюдо, пара пауэрлифтинг ва пара велоспорт йўналишларидаги 113 та совринли ўринлар учун кураш олиб боради.
Айни кўрсаткич Ўзбекистон паралимпияси тарихида рекорд кўрсатгич бўлгани билан эътиборлидир.
Таққослаш учун, паралимпиячиларимиз 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган ўйинларда 32 та, Токио ўйинларида 70 та лицензияни қўлга киритганди.
Пойтахтимиздаги Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон паралимпия делегациясини Парижга кузатиш маросимида шу ҳақда сўз борди.
Давлат мадҳияси садолари остида тантанали равишда бошланган маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги раисининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева, «Париж-2024» Олимпия ўйинлари ғолиблари Диёра Келдиёрова, Улуғбек Рашитов, пара енгил атлетика бўйича жаҳон чемпиони, «Токио-2020» Паралимпия ўйинлари кумуш медаль совриндори Асила Мирзаёрова юртимизда имконияти чекланган инсонларга яратилаётган шарт-шароитлар, қулайликлар, қўллаб-қувватлашлар хусусида тўхталиб, Янги Ўзбекистоннинг янги ғалабаларини таъминлаш пара спортчилар олдида турган муҳим вазифа эканлигини, матонат ва ирода соҳиблари бўлган паралимпиячиларимизнинг халқаро майдонда эришган натижалари «Париж-2024» ўйинларида янада кўтарилишига ишонч билдирди.
– Паралимпия ўйинларида пара таэквондо WT йўналиши бўйича баҳсларда қатнашаман, – дейди Гулжаной Наимова. – Мазкур нуфузли мусобақага ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрдик. Мамлакатимизда биз, ёшларнинг таълим-тарбия олишимиз, спорт билан мунтазам шуғулланишимиз учун кенг имкониятлар яратилган. Бу имкониятлардан оқилона фойдаланиб, Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон ёшларининг иродасини, шижоатини, салоҳиятини намоён қилишга астойдил ҳаракат қиламиз. Шунингдек, «Токио-2020»даги олтин медалимни ҳимоя қилиб, икки карра Паралимпия ўйинлари ғолиби бўлишни ният қилганман.
Тантанали кузатиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов «Париж-2024» ёзги XVII ёзги Паралимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари этиб белгиланган пара атлетика бўйича жаҳон ва қитъа чемпиони, Осиё ҳамда Олимпия ўйинлари ғолиблари Ҳусниддин Норбеков ҳамда Моҳигул Ҳамдамовага Ўзбекистон байроғини тантанали равишда топширди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосарлари ногиронлар спортини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш ва ривожланишига кўмаклашиши айтиб ўтилди.
Жумладан, агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева Миллий паралимпия қўмитасига, агентлик ўринбосарлари Сирожиддин Абдуллаев Ўзбекистон Махсус Олимпиадасига, Жамшид Абруев Ўзбекистон кўзи ожизлар спортига, агентлик ҳузуридаги Ижтимоий инспекция бошлиғи Хусниддин Қутпиддинов Ўзбекистон Карлар спорт федерацияси раисларига биринчи ўринбосарлар этиб тайинланди.
Бундан буён мана шу тизимга Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг ўринбосарлари – Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитасига бугунгача раҳбарликни амалга ошириб келган Мухторхон Тошхўжаев умумий раҳбарликни олиб бориши белгиланди.
Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ботир Эргашевнинг пара спортчиларимизга бағишланган шеъри кўпчиликка манзур бўлди.
Айтиш лозим, «Париж-2024» ёзги Паралимпия ўйинларининг 113 та лицензиясини қўлга киритган 65 нафар пара атлетимизнинг 29 нафари, яъни 45 фоизи аёл спортчилар эканлигини Ўзбекистонда хотин-қизлар спортини қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни фаол турмуш тарзи билан қамраб олиш, уларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш борасида олиб борилган ислоҳотларнинг самараси, дейиш мумкин.
Йўлланмалар ҳолатига эътибор қаратилса, бу галги Паралимпия ўйинларида пара ўқ отиш бўйича илк бор ўзбекистонлик аёл спортчи – Шаҳноза Мамажонованинг иштирок этаётгани, пара велоспорт турида икки нафар пара спортчимизнинг велопойганинг 8 та йўналишида қатнашаётгани, шунингдек, пара каноэ, пара таэквондо, пара пауэрлифтинг ва пара енгил атлетика спорт турларида рекорд даражада лицензиялар қўлга киритилгани Ўзбекистонда пара спорт ҳаракати ривожи янги босқичга кўтарилганининг амалдаги исботидир.
Кузатиш маросими якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров кенг жамоатчиликка, халқимизга ўз иродаси, матонати, руҳий қуввати билан ибрат бўлиб келаётган пара спортчиларимизга тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида омадлар ёр бўлишини тилаб дуога қўл очди.
Эслатиб ўтамиз, «Париж-2024» XVII ёзги Паралимпия ўйинларининг расмий очилиш маросими 28 август куни бўлиб ўтади.
Жавоҳир Тошхўжаев, Тўлқин Рўзиев, ЎзА мухбирлари.