Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда бир қатор масалалар муҳокама қилинди.

Хусусан, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2024 йил биринчи ярим йиллигида бажарилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кўриб чиқилди.

Ҳисоботда келтирилишича, жорий йилнинг биринчи ярмида ялпи ички маҳсулот ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,4 фоизни ташкил қилди. Давлат бюджети даромадлари 120,9 трлн сўмга етиб, 14 фоизга кўпайган. Депутатлар давлат бюджети ижросига партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ёндашиб, ижтимоий йўналишга ажратилган маблағлар билан қизиқдилар. Қайд этилганидек, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилган. Жумладан, «Ёшлар дафтари»га жами 133 минг 718 нафар ёш киритилган бўлиб, 75 минг 599 нафар ёшларга харажатлар учун 146,3 млрд сўм қоплаб берилди.

Шунингдек, йиғилишда «Темир йўл транспорти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси 9 боб 59 моддадан иборат бўлиб, 17 та янги тушунчалар киритилмоқда. Қонун лойиҳаси билан темир йўл транспорти соҳасини тартибга солувчи давлат органлари ва ташкилотларининг ваколатлари,  ташувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмоқда.

Шунингдек, ҳаракатдаги темир йўл таркиби ва темир йўлларини белгиланган тартибда тегишли давлат рўйхатидан ўтказиш, алоҳида тоифадаги йўловчиларга темир йўл транспортида йилига бир марта бепул юриш ҳуқуқини белгилаш назарда тутиляпти.

Мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши қонун ҳужжатларида тартибга солинмаган масалаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш, бўшлиқларни, номувофиқликлар ва турлича талқин этиш ҳолатларини бартараф этиш, ташувчилар, тадбиркорлик субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ўз вазифа ва функцияларини бажаришда ва ўзаро муносабатларда масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Муҳтарама Комилова, ЎзА