Ўзбекистон Экологик партияси сайловда иштирок этиш бўйича қарор қабул қилди

Сайлов-2024
Бугун, 29 июль куни Ўзбекистон Экологик партиясининг навбатдан ташқари пленуми бўлиб ўтди.
Тадбирда ЎЭП Марказий Кенгаши аъзолари, ҳудудий ва туман (шаҳар) ҳамда бошланғич партия ташкилотлари раислари, фаоллар, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилиш кун тартибига мувофиқ МСК томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов бўйича кампания бошлангани эълон қилиниши муносабати билан партиянинг ушбу сайловда иштирок этиши билан боғлиқ масала муҳокама этилди.
Пленумда партия етакчиси Абдушукур Ҳамзаев маъруза қилиб, жорий йилги сайлов мутлақо янгича – аралаш сайлов тизими асосида ўтаётгани, бу жараён сиёсий партиялардан алоҳид фаоллик талаб қилишини қайд этди.
– Бўлажак сайловда партиямиз электорати, кўп минг сонли жамоамиз, депутатлар, олимлар корпуси, она табиатга бефарқ бўлмаган барча фаоллар олдида жиддий синов, мамлакат ҳаётига дахлдорлик масъулияти турибди, – деди партия раиси. – Мамлакатимиз сиёсий майдонида ўз ўрнига эга Ўзбекистон Экологик партияси парламент сайловида муносиб иштирок этиб, юқори натижаларга эришиш тарафдори. Ташкил топганига энди беш йил бўлишига қарамай, партиямиз ўтган давр мобайнида барча муҳим сиёсий жараёнларда фаол иштирок этди. Мақсадимиз мамлакатнинг барқарор ривожланиши аснсоида экологик хавфсизликка эришиш, ҳозирги ва келажак авлод учун қулай атроф-муҳит яратиш ҳамда табиий ресурсларни сақлашга йўналтирилган давлат сиёсатини рўёбга чиқаришдан иборат.
Мажлисда Ўзбекистон Экологик партиясининг сайловда иштирок этиши юзасидан якдил қарор қабул қилинди. Жорий йилги парламент қуйи палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларига сайлов кампаниясида партия иштирок этиши бўйича, Сайлов кодексига мувофиқ, Энди Марказий сайлов комиссиясига ариза топширилиши маъқулланди.
Энди партия сайловда қатнашишни қўллаб-қувватловчи камида қирқ минг сайловчининг имзосини тўплашга киришади. Шунингдек, партия Марказий Кенгаши томонидан марказий, ҳудудий ва туман (шаҳар) партия ташкилотлари қошида сайлов штаблари тузилади.
Гибрид шаклда ўтган пленумда партиянинг ҳудудий, туман ва шаҳар партия ташкилотлари конференциялари ва партия форумини юксак савияда ўтказиш юзасидан барча тузилмалар олдида турган вазифалар белгилаб берилди.
Муҳокама жараёнида ҳудудий ташкилотлар вакиллари, фаоллар сўз олиб, мазкур сайловга жиддий тайёргарлик кўриш бўйича таклифлар билдиришди.
Ўткир АЛИМОВ,
Рустам НАЗАРМАТОВ (фото),
ЎзА