Суд ҳукми талабларини бажармаслик оғирроқ жавобгарликка сабаб бўлади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида назорат остидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ички ишлар вазири ўринбосари Б.Абдуллаев ҳужжат бўйича маъруза қилиб, ҳозирги кунда республикамизда маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахслар ўртасида профилактик чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилиши ҳолатлари ортиб бораётганини таъкидлади. Бу эса ушбу йўналишдаги ҳуқуқий таъсир чораларини қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси билан Жиноят ва Жиноят-ижроия кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига маъмурий назорат ва пробация назоратидаги шахсларга нисбатан таъсирчан чоралар кўрилишини таъминлаш ҳамда ички ишлар органлари пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Яъни, ички ишлар органлари номидан 185-2 ва 187-моддалари бўйича пробация назоратидаги шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги баённомани тузиш ваколати пробация хизматининг катта инспектори (инспектори)га бериш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ даврида ҳукм талабларини бажармаганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида пробация назоратидаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ва уларга нисбатан қўлланилган таъсир чораларининг натижадорлиги ошишига олиб келади.
Муҳтарама Комилова, ЎзА